Гулнора Каримова "L'officeil" модалар журналининг Марказий Осиё шўъбасини очиб берди.

Image caption Гулнора Каримова ҳамкорлигида нашр этила бошлаган "L'Officiel Central Asia" мода журнали аҳолининг аксар қисми учун мўлжалланмаганлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган модалар ҳафтали доирасида мамлакат Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова "L'Officiel" модалар журналининг Марказий Осиё нашрини очиб берди.

Тошкентдаги француз ресторанларидан бирида ўтказилган тақдимот маросимида журнал соҳиби Мари-Жозе Сасскинд-Жалю ҳам шахсан иштирок этди.

Тақдимот маросимига анъанавий француз фазосини бериш мақсадида машҳур француз пантомими Марсел Марсо русумида тамоша кўрсатувчи санъаткор таклиф этилган.

Зал деворлари эса 1920 йилларда Франсада асос солинган "L'Officiel" журналининг тарихий муқовалари туширилган плакатлар билан безатилганди.

Журнал соҳиби Мари-Жозе Сасскинд-Жалю ва Гулнора Каримова биргаликда Марказий Осиё нашрининг биринчи сони солинган рамзий қутини очиб бердилар.

Тақдимот маросимида қатнашган "L'Officiel" Бош бошқарувчиси Бенжамин Еймернинг Би-би-си билан суҳбада айтишича, меҳмонлар орасида "Фаберже" заргарлик буюмлари ширкати вакиллари, машҳур мусиқачи Можо, италиялик рассом Марко Перего ва маҳаллий поп юлдузлар иштирок этдилар.

Жаноб Еймерга кўра, "L'Officiel" Ўзбекистонда "Терра-Нова" нашриёти билан ҳамкорликда чоп этилади ва Қозоғистон, Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам ўз махлисларини топиш илинжида.

Кейинчалик эркакалр учун ҳам мода журнали ва журналнинг Интернет шаклини ҳам бошлаш режалари бор.

Бенжамин Еймернинг айтишича, журналнинг Марказий Осиёдаги биринчи бўлинмасини ё Қозоғистонда ё Ўзбекистонда очиш борасида иккиланишган.

Кейинчалик жаноб Еймер Ўзбекистонга сафар қилиб, шахсан Гулнора Каримова билан учрашганидан сўнг мода соҳасида аллақачон ўз ўрнига эга бўлган шахс билан иш юритиш афзал кўрилган.

Би-би-си томонидан берилган, Ўзбекистон аҳолиснинг аксар қисми зўр-базўр кун кечириши назарда тутилса, шоҳона журнал учун бозор не қадар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга, жаноб Еймернинг жавоб беришича, журнал ҳар қандай давлатда чиқмасин аҳолининг аксар қисми учун мўлжалланмайди. "Ва ҳар қандай давлатда ҳам аҳолининг аксар қисми, айтайлик 30 минг долларга қўл соати сотиб олишга қурби етадиганлардан ташкил топмайди", дея илова қилди у.

Гулнора Каримованинг шубҳали бизнес тадбирлари сизларни ўйлантирадими, деган саволга эса, жаноб Еймер уларнинг асосий мақсади модани ташвиқ этиш экани, ва Каримова хонимнинг шубҳали, дея айтиллаётган тадбиркорлигидан хабари йўқлигини билдирди.