Президент Имомали Раҳмон Раштдаги жангариларни авф этиши мумкин

Image caption Раштдаги ҳарбий амалиётлар қарийб бир ойдирки давом этади

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қўлларидан қуролларини қўйиб, осойишта ҳаётга қайтишса, Раштдаги ноқонуний қуролли гуруҳ аъзолари жавобгарликка тортилмай, авф этилиши мумкинлигини айтган.

Бу ҳақда Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода журналистларга берган матбуот анжумани чоғида билдирган.

Жаноб Салимзоданинг айтишича, ноқонуний қуролли гуруҳ аъзоларининг оилаларига расман мактуб юборилиб, улардан ўз фарзандлари ва турмуш ўртоқларини жанглардан қайтариш сўралган.

Тожикистон ҳукумати бунгача, ўз таъбирида, "террорчи гуруҳлар" билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаслиги ва улар йўқ қилиниши борасида баёнотлар бериб келганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, шу сабабдан ҳам президент Раҳмоннинг мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига берган айни мазмундаги буйруғи кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Бош прокурор жаноблари ўзлари ҳибсга олиш истагида бўлган Раштдаги собиқ дала қўмондонларидан Мирзохўжа Аҳмадовга қарши жиноий иш очилганини ҳам эълон қилган.

Қўлидан қуролини қўйган тақдирда, Мирзохўжа Аҳмадовнинг авф этилиши-этилмаслиги борасидаги саволга жавоб бераркан, жаноб Салимзода агар у шахс Тожикистон қонунчилигига мувофиқ одам ўлдириш каби оғир жиноятлар ёки террористик амалларга қўл урмаган бўлса, авф этилишини айтган.

Ўз ўрнида Тожикистон Бош прокурорининг таъкидлашича, қўлга қурол олиб, ҳукуматга қарши жанг олиб бориш ҳам оғир жиноят саналади.

Аммо жаноб Салимзода худди 90-йиллар бошларидаги фуқаролар уруши даврида қўлланган тажриба бу каби шахсларга ҳам тадбиқ этилиши эҳтимолини назардан соқит этмаган.

Ўша пайтда Тожикистон ҳукумати қўлига қурол олиб, ҳукуматга қарши жанг олиб борган жангариларни авф этганди.

Буйруқ ортида нималар ётибди?

Айрим кузатувчиларга кўра, президент Раҳмоннинг бу каби таклиф билан чиқишига Рашт водийсида олиб бораётган ҳарбий амалиётларида жиддий ютуқларга эриша олмаётганлари сабаб бўлган.

Тожикистон ҳукумат кучларининг Раштдаги ноқонуний қуролли гуруҳларга қарши ўтказаётган ҳарбий амалиётлари бир ойдан бери давом этиб келади.

Раштдаги ҳарбий амалиётларга 19 сентябр куни Камароб дарасида ҳукумат кучлари карвонига қарши уюштирилган ва 30 га яқин аскар қурбон бўлган ҳужум сабаб бўлганди.

Ҳукумат кучлари жорий пайтда Рашт атрофидаги барча туману минтақалар ўз назоратлари остида эканини айтишади.

Тожикистон масъулларига кўра, шу пайтгача ноқонуний қуролли гуруҳ аъзоларидан йигирмага яқини қўлга олинган. Аммо қанчасининг ҳалок этилгани борасида қўлларида аниқ рақамлар йўқ.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Раштда давом этаётган ҳарбий амалиётларда шу пайтгача 40 дан ортиқ ҳарбийларини бой беришган.

Норасмий маълумотларда Рашт водийсидан бошпана топган ноқонуний қуролли гуруҳ аъзоларининг сони 300 дан ортиқ экани айтилади. Мухолифат кучларининг барча таниқли қўмондонлари ҳам Рашт минтақасидан. Тожикистон ҳукумати уларнинг орасидаги хорижий жангарилар борлигини ҳам даъво қилади.