Қирғизистонда коалицион ҳукумат қудратга келиши мумкин

Қирғизистонда якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида бирор бир партия яққол ғолиб чиқмаган.

Мазкур ҳолат эса, энди коалицион ҳукумат тузиш учун партияларнинг бирлашишлари лозимлигини англатади.

Ҳозирча мухолифатдаги миллатчи "Ата Журт" партияси олдинда бормода. Мазкур партия ўтган апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ортидан қудратдан четлатилган президент Қурманбек Бакиевнинг иттифоқчиларини ўз ичига олади.

Ҳукуматпараст Социал Демократлар ва яна бошқа уч партия парламентда ўринларни қўлга киритиш учун лозим бўлган 5 фоизлик овозни қўлга киритишган.

Қирғизистондаги парламент сайловлари юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган миллий низолардан бор-йўғи 4 ой ўтиб уюштирилган.

Сайловларда бутун Қирғизистон бўйлаб 56 фоиз сайловчилар иштирок этишган. Энг қақшатқич этник низоларга саҳна бўлган жанубий Ўш шаҳрида эса, рақамлар бундан ҳам юқорироққа етган.

Коалицион ҳукумат

29 та партиядан бештаси парламентга кириш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса ҳам, бирортаси яққол олдинга ўзиб кетиб, ҳукумат тузиш даражасида овоз тўплай олмаган.

Сайлов мулозимларига кўра, парламент сайловлари жараёнида "арзимас қонунбузарликлар"га йўл қўйилган. Иккита ҳолатда эса, сайлов қутилари сохта овоз бериш варақалари билан тўлдирилган.

Бироқ сайловларга 250 нафарга яқин кузатувчисини юборган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти номзодларнинг сони кўп бўлганини айтиб, Қирғизистондаги парламент сайловларини олқишлаб чиққан.

Халқаро ташкилот, шунингдек, Қирғизистондаги сайловлар Марказий Осиё минтақасидаги бошқа давлатлар учун яхши намуна эканини ҳам айтган.

Энди эса, партиялар ким билан коалицион ҳукумат тузишлари борасида бир қарорга келишлари лозим бўлади.

Бишкекда бўлган мухбиримиз Райхон Демитриенинг айтишича, парламент сайловларида "Ата Журт"нинг ҳаммадан илгарилаб кетиши Қирғизистондаги кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

"Ата Журт" Қирғизистон жанубидаги этник қирғизлар орасида кучли дастакка эга ва ҳукуматнинг президентлик бошқаруви шаклига қайтишини хоҳлайди.

Ўтган июн ойида бўлиб ўтган референдумда Қирғизистонда парламент бошқарувини кўзда тутувчи янги конституция маъқулланганди.

Сўнгги сайлов натижаларини Қирғизистонда ўз базаларига эга бўлган Россия ва АҚШ яқиндан кузатиб боришмоқда.

Парламент сайловлари апрел ойидаги зўравон намойишлардан олти ой ўтиб бўлиб ўтган.

Мухбиримизга кўра, Қирғизистонда агар партиялар сайлов натижаларидан рози бўлишмаса, янги зўравонликлар келиб чиқиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Россия нимадан хавотирда?

Халқаро кузатувчилар сайловни демократия ғалабаси деб аташган, бироқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Москва Қирғизистондаги ушбу сиёсий ўзгаришлар мамлакатдаги барқарорликка путур етказади, деб қўрқади:

"Қирғизистонда шу йил июнидаги референдумда қарор берилган ҳукуматни шакллантиришнинг бунақа кескин ўзгартирилиши шаклига ўтилиши Қирғиз давлатини барқарор ривожланишини таъминлашда мураккабликлар пайдо қилиши мумкинлиги борасида биз ўзимизнинг хавотирларини аллақачон билдирганмиз," деб айтган жаноб Лавров.

Россия ташқи ишлар вазирига кўра, шунга қарамасдан Қирғиз ҳукумати шаклланганидан кейин Россия улар билан яқин алоқаларни ўрнатишга тайёр.