Қирғизистондаги сайловлар халқаро матбуотда қандай акс-садо топмоқда?

Image caption Қирғизистон парламент сайловларида миллатчи "Ата Журт" партиясининг ғалабаси кўплаб халқаро нашрларнинг эътиборини ўзига тортган

Қирғизистонда ўтган якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида миллатчи "Ата Журт" партиясининг сайловчилар орасида катта дастакка эга бўлгани халқаро матбуотда асосий мавзулардан бирига айланган.

Британиянинг "The Independent " газети Қирғизистондаги сайловларга доир мақоласини " Миллатчилар сайловда ғалаба қозонди" деб номлаган. Газетанинг Ўшда бўлган мухбирига кўра, Қирғизистондаги парламент сайлови минтақадаги энг ҳалол сайлов бўлган, Марказий Осиё мамлакатлари сайловни сохталаштиришга устадир.

"The Independent " мухбирига кўра, миллатчи партиянинг кутилмаган муваффақияти Қирғизистонни Марказий Осиёнинг илк парламент демократияси қуриш йўлида тўғаноқ бўлиши мумкин.

"Washington Post " ҳам "Ата Журт" партияси кўпроқ қўллаб-қувватловга эга бўлганини кутилмаган деб баҳолайди, аммо асосан мусулмонлар яшайдиган Марказий Осиёдаги кичик бир давлатнинг демократик тузум қуриш йўлида илк бор озод ва эркин сайловлар ўтказа олганинини ҳам кутилмаган ҳол, деб таърифлайди.

Американинг бошқа етакчи газети " New York Times " эса, айни сайловларга анчайин эҳтиёткор муносабат билдиради. Газета халқаро кузатувчиларнинг сайловларни олқишлаганини эътироф этган ҳолда, миллатчи бир партиянинг муваффақияти Қирғизистонни яна яқин ўтмишнинг беқарор қаърига улоқтириши эҳтимоли билан огоҳлантиради.

Газета таҳлилчи Токтогул Какчекеевнинг " бу сайловлар натижаси янги парламент тизимининг остига қўйилган бомбадир" деган сўзларини келтиради.

Британиянинг "Financial Times" газети эса ўз мақоласини " Қирғиз синови" деб номлаган.

Мақолада нима учун Қирғизистонда парламент тизими жорий этилгани тушунтирилади.

Бундан мақсад мустаҳкам парламент Президентнинг авторитар йўлдан кетиб қолмаслигини кафолатлаши керак, дейилади.

Муаллифга кўра, мақсад ўтган беш йил ичида икки президентни қудратдан улоқтирган оммавий кўтарилишлар тўлқинига ҳам якун ясашдир.

Яна бир мақсад эса, этник зиддиятларнинг олдини олиш, парламентда ва ҳукуматда барча миллатларнинг тенг иштирокини кафолатлаш эди, дейилади.

Газетага кўра, Қирғизистоннинг демократия томон ташлаган катта қадами синови таҳсинга лойиқ, аммо бу қадам ҳаддан ортиқ катта бўлиши ҳам мумкин.