Каримов Ўтинбоевани сайловлар билан табриклади

Image caption Аввалроқ БМТ минбаридан гапирган Каримов Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган

Президент Ислом Каримов Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти Роза Ўтинбоевага навбатдаги табрик телеграммасини йўллаган.

Унда жаноб Каримов қирғиз ҳамкасбини парламент сайловларининг тинч ва демократик ўтгани билан табриклаган.

"Қирғизистонда 10 октябрдаги парламент сайловларининг барқарор ва демократик муҳитда ўтгани муносабати билан табрикларимни қабул қилгайсиз", - дея Ўзбекистон раҳбарининг табригидан иқтибос келтиради Қирғизистоннинг "Кабар" давлат хабар агентлиги.

Бу жаноб Каримовнинг Қирғизистода 7 апрел ғалаёнларидан сўнг ҳокимиятга келган вақтли ҳукумат раҳбари Ўтинбоева хонимга учинчи марта табрик йўллашидир.

Аввалроқ Ўзбекистон раҳбари қирғизистонлик аёл ҳамкасбини 27 июндаги референдум натижалари ва туғилган куни билан муборакбод этган эди.

У Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевни ўтган ой БМТ минбаридан қилган чиқишида танқид қилиб ўтган.

Бошқача қўшни

Деярли барча қўшнилари билан муносабатлари ёмон бўлган Ўзбекистон раҳбари ўтмишда минтақадаги бошқа биронта раҳбарга бу қадар лутф кўрсатмаган эди.

Лондондаги "Уруш ва тинчликни ёритиш институти" Марказий Осиё бўлими раҳбари Жон Маклауднинг айтишича, бу табриклар жаноб Каримовнинг дипломатик қадамларидир.

"Тўғриси, Ўзбекистон қўшниси - Қирғизистондаги ҳар йил бўлаётган турфа хил ғалаёнлардан чарчади", - дейди лондонлик таҳлилчи.

Унга кўра, Президент Каримов аслида Қирғизистонда демократик жамият қурилишига ишонмайди.

"Қирғизистонда ҳозир кечган сиёсий ўзгариш бу мамлакатни амалдаги демократияга айлантиришига Ўзбекистон асло ишонмайди. Менимча, Ўзбекистоннинг бунга ишонмасликка ҳаққи ҳам бор. Тошкент Бишкекда бирга ишлаш мумкин бўлган бирон қатъий тизим бўлишини ҳоҳлайди", - дейди Жон Маклауд.

Жаноб Каримов Қирғизистонда июн ойида содир этилган зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган, аммо бу зўравонликларда ҳеч қачон Қирғизистоннинг жорий вақтли раҳбариятини айбламаган.

Ўзбекистон раҳбари Ўш ва Жалолобод воқеалари ортида "учинчи кучлар" турганини бир неча марта такрорлаган, аммо биронта гуруҳ ёки давлатнинг номини тилга олмаган.

Қонли воқеалар чоғида жаноб Каримов Қирғизистон жанубига қўшин киритиш чақириқларини рад этган ва аҳолини қасос ҳаракатларидан тийилишга даъват қилган.

Ўзбекистондаги айрим ўзбеклар Каримовнинг зўравонликлардан қочган Ўш ва жалолободлик миллатдошлари учун чегарани очиш қарорини олқишлаганлари ҳолда, унинг ўзбек аҳолисини ҳимоя қилиш учун етарли чораларни кўрмаганидан норозилар.

Лондондаги "Уруш ва тинчликни ёритиш институти"дан Жон Маклаудга кўра, Қирғизистон жанубида янгидан зўравонликлар юз бергани тақдирда Ўзбекистон бошқачароқ йўл тутитиш мумкин.

"Ўзбекистон минтақада ўзини куч-қудрат мувозанатини белгиловчи давлат сифатида кўради. Аммо жанубий Қирғизистондаги низо чоғи Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудига ўз қўшинларини киритмади. Бўлмаса, кўпчилик мана энди Ўзбекистон ўзбекларни ҳимоя қилиш учун Қирғизистонга қўшин киритади, деб кутганди. Аммо бундай бўлмади. Лекин агар яна шундай қақшатқич миллий низо юзага келса, Ўзбекистон ҳукумати "энди нимадир қилмасак бўлмайди" , деб ҳаракат қилиши ва Қирғизистондаги воқеаларга аралашиши мумкин", - дейди лондонлик таҳлилчи.