Ўзбекистон:Камроқ сув билан кўпроқ ҳосил олиш мумкинми?

Image caption Ўзбекистон дарёларида сув сатҳи камайиб бормоқда. Камроқ сув билан қандай қилиб кўпроқ ҳосил етиштириш мукмин?

Ҳозирда кўплаб мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, эскирган суҳориш тизими замон талабига жавоб бермай қоляпти.

Жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган 600 га яқин мутахассилар Маниладаги анжуманда Осиё мамлакатлари юз тутаётган сув тақчиллиги муаммолари ва уларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилмоқдалар.

Осиё Тараққиёт Банки томонидан уюштирилган Маниладаги анжуманда айтилишича, агарда бу борада ҳозирда тегишли чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб сув учун талаб таклифдан 40 фоизга ошиб кетиши мумкинтэкан.

Бу эса ўз навбатида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, энергия хавфсизлиги, иқтисодий ўсишга хавф солиб, чегарлар оша тангликларнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин.

Анжуманда ирригация тизими ва сув манбаларига янгича назар ташлаган бир қатор тадқиқотлар тақдим этилди.

Бу тадқиқотлар бири "Камроқ сув билан кўпроқ ҳосил олиш:Осиё ирригация тизимини янгилаш қандай самра бериши мумкин", дея аталган.

Ушбу тадқиқотда айтилишича, 2050 йилга бориб Осий қитъаси аҳолиси 5 миллиардга қадар етиши назарда тутилмоқда. Яъни ўша вақтга бориб ҳозирга қараганда 1.5 миллиардга кўпроқ одамни озиқ-овқат билан таъминлашга тўғри келади.

Осиёда жаҳонда мавжуд суғориладиган ҳосилдор ерларнинг 70 фоизи жойлашган. Лекин суғориш тизимларининг аксари 1970 йилларда яратилган.

Марказий Осиё давлатларида эса, шўролар даврида қурилган ва тобора эскириб бораётган ирригация тизими билан чегаралар оша сув тақсимоти муаммолари янги хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистондаги сув муаммоларига назар ташлаш учун Би-би-си академик олим Бек Тошмуҳамедовни суҳбатга тортди.

Бек Тошмуҳамедов: Ўзбекистон сувсиз ва ёпиқ минтақада жойлашган. Бу ер серқуёш, лекин сув кам. Аммо бизда иккита асосий сув манбаи - Сирдарё ва Амударё бор. Бу икки дарё бутун Марказий Осиёни сув билан таъминлайди. Бу сувнинг аксар қисми суғорма деҳқончилик учун ишлатилади.

Би-би-си: Лекин мана ҳозир тепадаги Қирғизистон ва Тожикистон улкан сув омборли йирик ГЭСлар қуришмоқчи. Президент Каримов бу Ўзбекистонни сувсиз қолдиришини айтмоқда. Бу қўрқув қанчалик асосли?

Бек Тошмуҳамедов: Тўғри бу мураккаб муаммо. Биз Ўзбекистон сув заҳираларининг қарийб ярмидан кўпини истеъмол қиламиз. Мамлакатимизда 4 миллион гектардан кўпроқ суғориладиган экинзорлар бор. Биз ҳозир олаётган сувимиздан воз кечолмаймиз. Биз олдиндан олиб келган сувни олишни истаймиз ва шуни талаб қилаверамиз. Кўшни Қирғизистон ва Тожикистоннинг истакларига қарши тушса ҳам, биз барибир бу сувни олишимиз керак.

Би-би-си: Мана ҳозир камроқ сув ишлатиб, кўпроқ ҳосил олиш керак, дея гапирилмоқда. Ўзбекистон ўз сув истеъмолини қисқартира олмайдими?

Бек Тошмуҳамедов: Ҳозирги мавжуд суғориш усуллари жуда бирламчи ва оддий. Бунақа деҳқончилик усули кўп сув талаб қилади. Шу учун албатта, замонавий ва сувни тежайдиган технологияларга ўтиш керак. Масалан, томчилатиб суғориш ва ёки ер остидан суғориш йўлларини қабул қилишимиз даркор. Лекин буни бир кунда ёки бир йилда амалга ошириб бўлмайди. Бу янгича усулга биз аста секин ўтиб борамиз. Босқичма босқич тарзда сувни тежаймиз. Лекин Ўзбекистон барибир деҳқончилик қилинадиган ер майдонларини кенгайтириши керак. Чунки бизда аҳоли ўсиши жадал. Аҳоли сони ҳозир 30 миллионга яқинлашган. Аср охирига бориб 50 миллионга етиб қолишимиз мумкин.

Би-би-си: Мана ҳозир Ўзбекистонда саҳролашиш тезлашган, ер чарчаган, сув кам ва аҳолиси катта. Бундай ҳолатда келаси 20-30 йил ичида Ўзбекистон ўз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлай оладими?

Бек Тошмуҳамедов: Таъминлай олади. Чунки биз агар сувни тежайдиган деҳқончиликни қўлласак, у ҳолда бор сувни тежаймиз, айни пайтда олинадиган ҳосил миқдорини икки уч баробар оширамиз. Мана Исроилни олайлик. Бу мамлакатда сув жуда кам. Лекин янгича усулларни қўллаб, катта ҳосил олишади. Исроилдаги деҳқончилик ҳам суғоришга асосланган. Аммо янгича усулда суғорилади. Биз ҳам шундай усулларни қўллашимиз керак. Аммо бу дегани биз ҳозир оладиган сув миқдоридан воз кечишимизни англатмайди. Биз учун ҳозир оладиган сувимиз миқдори барибир жуда керакли.

Би-би-си: Лекин сиз айтаётган томчилатиб суғориш усулларни қимматга тушиши мумкин. Ўзбекистон бу каби янгича усулларни қўллаш учун кучи етадими? Балки четдан молиявий ёрдам керакдир...

Бек Тошмуҳамедов: Бизга бу ерда сармоялар керак. Биз фақат халқаро сармоялар билангина янгича усулларни тез вақтда ўзлаштира оламиз. Биз шўрга чидамли экинлар экишимиз керак. Бу йўлда Ўзбекистонда тажрибалар кетаяпти. Дейлик, аллақачон шўрга чидамли макаажўхори, тузланган ерда ўсадиган шоли ва яна бир нечта бошқа экинлар экилмоқда. Бу янгича экинлар шўрланган ерда ҳам ҳосил беради. Уларнин суғориш учун шўрланган оқава сувларни ишлатса бўлади. Биз оқава сувлар билан экинларни суғориш орқали сув заҳираларини тежай оламиз.