Қирғизистон: Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан халқаро текширув бошланди

Image caption Зўравонликларда расман 400 инсон ҳалок бўлган, 2 мингдан кўпроқ уй ёқиб юборилган

Бишкекда шу йил июнида Ўш ва Жалолободда юзлаб инсоннинг умрига зомин бўлган этник зўравонликларни текшириш учун тузилган мустақил халқаро комиссия ўз ишини бошлади.

Комиссия раиси Киммо Килюненнинг Би-би-сига айтишича, комиссия аъзолари зўравонлик шоҳидлари ва қурбонлар билан бир қаторда қирғиз расмийлари томонидан маҳкамага тортилган шахслар билан ҳам суҳбатлашадилар.

Комиссия тўрт Скандинавия давлати- Финландия, Норвегия, Швеция ва Даниянинг мутарак ташаббучи билан тузилган ва БМТ, Оврўпо Иттифоқи, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва қирғиз ҳукумати томонидан дастакланган.

7 кишилик комиссия халқаро ҳуқуқ ва минтақа бўйича экспертлардан ташкил топган.

Би-би-сига маълум бўлишича, комиссия таркибида жумладан, минтақа бўйича экспертлардан Франция Аппеляция Маҳкамасидан Бригит Олбет, Бирлашган Миллатларнинг Марказий Осиё бўйича маслахатчиси, Таллинн университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича профессори Рейн Мюллерсон ҳамда Россия Фанлар Академиясининг Марказий Осиё бўйича эксперти Валерий Тишковлар бор.

Бригит Олбет 2005 йил 13 майида Андижонда содир этилган хунрезликлар юзасидан тадқиқот олиб борган Оврўпо ҳайъати таркибида бўлган.

Қолган аъзолар- БМТнинг ноқонуний қатл этишлар бўйича махсус маърузачиси Филип Олстон (Австралия), БМТнинг Аёлларга қарши зўравонлик бўйича собиқ махсус маърузачиси Яқин Эртурк (Туркия) ва БМТ Бош Котибининг ҳуқуқий масалалар бўйича собиқ ёрдамчиси Ралф Заклинлар ҳуқуқ соҳасида кўзга кўринган мутахассислар саналади.

Жаноб Килюненнинг Би-Би-си билан суҳбатда маълум қилишича, комиссия аъзолари гувоҳлар ва қурбонлардан тортиб, маҳаллий ва марказий ҳокимият аъзоларигача бўлган турли-туман одамлар билан суҳбатлашади.

Финландиялик дипломат комиссиянинг ҳар қандай халқаро ташкилот ва ҳукуматлардан мустақил эканини алоҳида урғулади.

Унга кўра, комиссия фаолияти турли манбаълардан молияланади.

Жаноб Килюненннинг айтишича, халқаро комиссиянинг мандати ҳақида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг аввалроқ БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун номига йўллаган мактубида келишиб олинган.

Қирғиз ҳукуматининг халқаро текширувга розилига ҳам ушбу мактубда изҳор қилинган.

Халқаро комиссия раиси юзлаб одамларнинг ўлими учун масъул шахсларнинг жавобгарликка тортилиши ва миллий муросанинг қарор топишини мақсад қилиб қўйганликларини айтди.

Аввалроқ Қирғизистон воқеалар юзасидан ўзининг миллий текширувини бошлаган ва бу текширув ўзининг дастлабки хулосаларида зўравонликлар учун ўзбек жамоаси раҳбарларини айблаганди.

Ўтган ой БМТнинг Нью Йоркда ўтган Мингйиллик самитида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қирғизистон жанубидаги миллий зўравонликларо юзасидан халқаро текширувни бошлашга чақирганди.

Ғарб давлатлари халқаро текширув ўтказиш чақириқларини қўллаб-қувватлашган.

Россия ҳозирга қадар бу каби текширув борасидаги расмий мавқеъйини билдирмаган.

Қирғизистоннинг ўзидаги миллатчилар мамлакат жанубига халқаро полиция кучларини жойлаштиришга бўлгани каби, халқаро текширувга ҳам қаршилик қилиб келадилар.