ОХҲТ: 'Тожикистондаги матбуот эркинлиги хавф остида'

Image caption Жангариларга қарши кампания манзарасида мустақил матбуотга ҳужумлар кучайган

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Тожикистондаги мустақил матбуотга ҳужумлардан хавотирда эканини айтган.

Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга йўллаган мактубида Дуня Миятович Тожикистонни ОХҲТ ташкилоти доирасида олган матбуот эркинлиги бўйича мажбуриятларини ҳурмат қилишга чақирган.

ОХҲТ мулозими сўнгги пайтларда матбуот эркинлиги ва ахборот воситалари билан боғланишни чекловчи ҳамда мустақил матбуотга босим ўтказиш ҳаракатларининг кучайганидан ташвишда эканини таъкидлаган.

"Интернет саҳифаларига тўсиқ қўйиш, рўзномаларнинг чоп этилишини тўхтатиб қўйиш ва солиқларга алоқадор тафтиш ҳамда таъқиблар Тожикистоннинг матбуот эркинлиги билан боғлиқ мажбуриятларига зиддир", дейилади мактубда.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили идорасига кўра, шу йилнинг 29 сентябридан буён Тожикистонда бир неча маҳаллий ва хорижий вебсайтлар ёпиб қўйилган.

Бир вақтнинг ўзида қатор мустақил рўзнома ва нашриётларда солиқ тафтишлари ўтказилган.

Ушбу рейдлар ортидан нашриёт уйлари техник сабабларни важ қилиб, мустақил нашрларни чоп этишдан бош тортганлар.

Тожик ташқи ишлар вазирига мактубида ОХҲТ вакили "Азия-Плюс", "Фараж", "Озодагон", "Пайкон" ва "Миллат" рўзномаларига қарши маҳкама ишларига эътибор қаратган.

Унга кўра, мулозимларнинг катта миқдордаги жарима даъволарини қондирган қуйи маҳкама қарори Олий Маҳкама томонидан қайта кўриб чиқилмагани тақдирда бу рўзномалар ёпилиши мумкин.

"Агар ушбу рўзномалар ёпилса, бу Тожикистон босма матбуотидаги кўпфикрлилик даражасининг камайишини англатади", деб айтган Миятович хоним ўз мактубида.

ОХҲТ мулозими тожик расмийлари матбуот эркинлигининг муҳимлигини англаган ҳолда бу борадаги вазиятнинг ёмонлашиб кетишига йўл қўймайдилар, деб умид қилаётганини билдирган.

Тожикистон мулозимлари бир қатор нашрларнинг мамлакат шарқидаги жангариларга қарши кампанияни ёритишидан норози бўлганлар.

40 дан ортиқ ҳукумат аскарининг ўлимига сабаб бўлган ҳодисалар ортидан матбуотга босимлар кучайган.

Тожикистон минтақада матбуот нисбатан эркин бўлган давлат саналиб келади.