Би-би-си меҳмони- мустақил журналист Абдумалик Бобоев

Image caption Абдумалик Бобоев Ўзбекистонда қолган кам сонли мустақил журналистлардан

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига мустақил журналист Абдумалик Бобоев жавоб беради.

41 ёшли Абдумалик Бобоев Ўзбекистонда қолган кам сонли мустақил журналистлардан бири.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги маҳкама уни жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор, деб топиб, 400 минимал иш ҳақи (18 миллион 86 минг сўм) миқдоридаги жаримага маҳкум этган.

Бу Ўзбекистон тарихида журналистга унинг фаолияти учун солинган энг йирик жаримадир.

Абдумалик маҳкама ўзини озодликда қолдирганидан енгил тортгани, аммо айни пайтда бунча жаримани қаердан топиб, тўлашни ўйлаб, қайгуга ботганини айтади.

У ўзига қўйилган айбларни рад этган ва маҳкама ҳукмидан шикоят этишини билдирган.

Абдумалик Бобоев ишлаб келган, АҚШ Конгресси томонидан молияланадиган "Америка овози" радиоси унинг журналистик фаолияти бу каби катта миқдордаги жаримага сабаб бўлганидан ташвишда эканини айтган.

Абдумалик Бобоев 1969 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган.

Ҳарбий хизматни совет армиясида ўтаган.

Тошкент Давлат Университетининг Ўзбек филологияси бўлимини битирган.

Журналистик фаолиятини 1996 йилда "Тонг юлдузи" газетасидан бошлаган.

Кейинчалик "Туркистон", "Ўзбекистон овози", "Ишонч", "Садо" "Осиё бозори" ва "Ёзувчи" рўзномаларида ишлаган.

2000 йилдан буён хориж ахборот воситалари, мустақил интернет сайтлари билан ҳамкорлик қилиб келади.

2002 йилдан "Америка овози" радиосининг жамоатчи мухбири.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги радионинг ўз мухбирини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги сўровларини рад этиб келади.

Жума кунги маҳкама ҳукмидан сўнг, "Америка овози" Абдумалик Бобоев радиотингловчиларга "адолатли, тушунарли ва аниқ" хабарлар етказиб беришда давом этиш имконига эга бўлади" деб умид қилаётганини билдирган.

Би-би-си: Тошкентдан Дилшодбек Муҳаммедов:"Ассалому алайкум Абдумалик ака. Судда жарима билан бўлса-да, ютиб чиқдингиз. Бунинг учун сизни табриклайман. Чунки Ўзбекистонда сиёсий айб қилган журналистларнинг суддан соғ-саломат чиқиб кетишининг ўзи катта гап. Хабарингиз бўлса керак, ҳозирда икки ҳамкасбингиз, "Ёшлар" телеканали журналистлари Саодат Омонова ҳамда Малоҳат Эшонқулова ҳам сиёсий қарашлари туфайли таъқибга олинмоқда. Менинг сизга бермоқчи бўлган саволим шуки, ана шу икки журналистнинг хатти-ҳаракатларини ҳам жасорат деса бўладими ёки бу ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий ўйинларидан бирими? Бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Чунки ҳозирда иккала журналист ҳам ўз жойида ишлаяпти, раҳбарияти ҳам деярли ўзгармади. Жавоб учун олдиндан катта раҳмат!".

Абдумалик Бобоев: Ассалому алайкум Дилшодбек, рахмат. Ростдан сиёсий айбловлар билан маҳкамага тортилган журналистларни жаримага тортилиш билан қутулиши, жарима миқдори қанчалик катта бўлмасин, Ўзбекистонда камдан-кам кузатилган ҳолат. Агар биринчи бор кузатилаётган бўлмаса. Шунинг учун, эҳтимол жараённинг бундай якунланишини ғалаба сифатида ҳам баҳоласа бўлар. Албатта, бу ерда менинг ҳимоям учун амалга оширилган маҳаллий ва халқаро миқёсдаги ташаббуслар, қўллаб-қувватлов, музокаралар ва бу жараённи халқаро ахборот воситаларида кенг ёритилишининг ўрни катта. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун барча дўстларга ўз миннатдочилигимни изҳор этмоқчиман. Лекин суднинг барча асосий айбловлар юзасидан мени айбдор топгани, тугал ғалаба ҳақида гапиришнинг эрталигини кўрсатмоқда, деб ҳисоблайман.

Саволингиз юзасидан, матбуотда цензура мавжудлигини эътироф этишга журъат топмаётган журналистларимиз кўплигини инобатга оладиган бўлсак, Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг телевидениедаги цензура ҳақида очик гапириши, ҳатто матбуот анжумани ўтказишга жазм қилиши, бу шубҳасиз, жасорат. Назаримда, бизнинг шароитда, ҳар қандай касб эгасини, шу жумладан, журналистларни ҳам, ўз фикрини очиқ айтиш, норозилигини билдириши секин-аста йиғилиб борадиган жараён, сабр тугаб, вақти келганда кимдир бу ҳақда баралла овозда айтади, кимдир дардини ичга ютиш билан чекланиши мумкин. Ҳукумат ўйинига келсак, бу ҳақда аниқ бир нарса дейишим қийин, лекин назаримда журналистлар ҳозиргача ўз ишларини давом эттиришаётган экан, бу ҳукумат хоҳишига эмас, балки журналистларнинг жасорати ва ўз позицияларини жамоатчиликка очиқ айтишгани билан боғлиқ, деб ўйлайман.

Би-би-си: Қувасойдан Шарафиддин йўллаган савол: Салом Абдумалик ака, сиз "Америка Овози " радиосида ишлар экансиз. Жаримани қандай қилиб тўламокчисиз? Сизга "Америка овози " радиоси ёрдам бериш ниятлари борми, ҳар қалай Сиз ўша радионинг мухбирисиз?".

Абдумалик Бобоев: Ҳамкасбларим менинг адвокат учун ҳаражатларимни қоплашаяпти. Умуман тергов, суриштирув жараёнлари бошланиши биланоқ, радио менинг ҳимоямда турди, маколаларим "Америка овози" низомларига мувофиқ тарза тайёрлангани ва эфирга узатилганини таъкидлади. Суд хукмидан бироз олдин эса "Америка овози" ва радио-телевидение кенгаши томонидан журналист касбий фаолияти учун жавобгарликка тортилаётгани қораланган расмий баёнот тарқатилди. Жарима масаласида, радио раҳбарияти билан маслаҳатлашиб турибмиз, бундай ёрдам бўлишига умид қиламан. Чунки бунча миқдордаги жаримани тўлаш мен учун жуда оғир кечишини изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Би-би-си: Шариф Маҳмуд исмли тингловчимиз "Ўзбекистон шароитида ҳақиқатни айтиш осон иш эмас, ўзингизни қанчалик ҳимояланган, деб айта оласиз?", деб сўрабди. Марҳамат

Абдумалик Бобоев: Албатта, Ўзбекистон шароитида журналистларни бўлаётган воқеалар, мавжуд муаммолар ҳақида гапириши ҳамиша хатарли бўлиб келган. Бунинг устига, журналист сифатида бундай хавф мавжудлигидан яхши хабардорлигингиз масалани яна бир қадар оғирлаштиради. Ҳимоя масаласида аниқ бир ишонч ҳақида гапириш қийин. Масалан, умид қилишингиз мумкин, яна бир журналистни қамаш билан ҳукумат нима ютиши мумкин деб, лекин бу ҳам мавҳум бир умид, чунки амалдаги вазият мамлакатдаги барча мустақил журалистлар аниқ нишонга олинганини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, мен мақолаларим юзасидан ўтган маҳкама жараёнида шунга амин бўлдимки, ҳукуматдагиларда эркин сўз айтиш ҳуқуқини, очиқ муҳокама юритишни, танқидни қабул қилиш иродаси ҳамон шаклланмаган. Шулардан келиб чиқсак, мустақил журналистлар уларнинг тасаввурида жамиятда ўз ўрни бўлган тўртинчи ҳокимият вакиллари эмас, балки аксилҳукумат кайфиятидаги жиноий гуруҳ сифатида намоён бўлмоқда. Бундай шароитда журналистларнинг ҳимояси ҳақида гапириш жуда оғир.

Би-би-си: Ўзбекистонлик ҳамкабсларингиздан бири сўрабди: "Ассалому алайкум ҳурматли ҳамкасб, сиз ҳам Ўзбекистон ва ҳам хориж нашрларида ишлагансиз, улар бир-биридан қанчалик фарқ қилади, асосий меъзонлар нималардан иборат?. Раҳмат".

Абдумалик Бобоев: Савол учун раҳмат. Ўзбекистон ва хориж ахборот воситалари ўртасидаги асосий фарқ, албатта, бу-сўз эркинлигининг амалдаги кўринишида. Матбуотнинг асосий шарти-сўз эркинлиги бўлмагач, Ўзбекистон ва хориж нашрлари ўртасидаги фарқ ҳақида кўп гапириш мумкин. Хориж нашрларида ана шу бирламчи имконият мавжуд. Албатта, бу дегани, билганини қилади дегани эмас, ҳар бир оммавий ахборот воситасини ўз низоми мавжуд, жумладан, мен ҳамкорлик қилаётган "Америка овози" радиосини ҳам. Бу низомнинг асосий моҳияти холислик, аниклик, фикрлар қаршилиги, турли-туманлигига ўрин беришдир.Назаримда, Ўзбекистон матбуотидаги вазият, ҳаммамиз учун оғриқли нуқта, хориж нашрларида ишлаймизми, йўқми, бундан қатъий назар. Агар ўзбек матбуотида эркин ишлаш имконияти бўлганида, мен ўзбек матбуотида ишлашда давом этардим. Матбуотга эркинлик берилиши, нафақат журналистларга ёзиш эркинлигини, балки матбуотни ҳақиқий маънодаги мустақил куч бўлиб шаклланишига ҳам имконият беради. Мен масаланинг маънавий ва моддий томонларини ҳам эътиборда тутиб айтмоқдаман. Фараз қилганда ўзбек матбуотининг 20 миллионга яқин ўқувчиси бўлиши мумкин, бу бизнинг бойлигимиз, менимча, матбуотнинг мустақил куч сифатида шаклланиши айнан шу мезонлардан бошланиши керак.

Би-би-си: "Дўст" деб исм қўйган веб саҳифамиз ўқувчиси режаларингиз ҳақида сўрабди. "Ватанда қоласизми ёки чиқиб кетасизми?".

Абдумалик Бобоев: Режалар, албатта ишлаш имконияти бўлса ватанда қолиб, фаолиятни давом эттириш.

Би-би-си: Навбатдаги савол ҳам Ўзбекистондаги матбуотнинг аҳволи ҳақида экан. Мухлис исмли тингловчимиз сўрабди: "Муҳтарам Абдумалик, Ўзбекистонда матбуотнинг аҳволини, сизлар айтаётгандек радикал эмас-да, аста-секинлик билан яхшилаш йўлларини нималарда кўрасиз? Журналистларнинг маошларини ошириш керакми, амалдорларнинг маданияти узгариши керакми? Нималар зарур?"

Абдумалик Бобоев: Назаримда ҳеч ким радикал йўлни таклиф этмаяпти, фақат қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқларни матбуотга бериш ҳақида гап бораяпти. Шу яқин йигирма йил ичида матбуотни жонлантиришга бир неча бор уринишлар бўлганидан хабардорсиз. Мен 90-йилларда ўзбек матбуоти бошдан кечирган жонланишни, кейинчалик цензуранинг расман бекор қилиниши, "Ҳуррият" газетасининг дастлабки сонларини, бундан кейин "Мустақил газета" нашр юзини кўрганини, "Мохият" газетасининг юзага келиши ва бошда яхши танқидий мақолаларни чоп эта бошлаганини назарда тутаяпман. Эътибор берсангиз, бу газеталарда бирор радикал қарашдаги мақолалар чоп этилгани йук. Айтиш мумкинки, уларнинг аксарияти жойлардаги муаммолар юзасидан босилган танқидлар эди. Бу сиз назарда тутаётган аста-секинликка жуда ўхшаш. Бу уринишлар нима билан тугаганидан яхши хабардорсиз. Албатта, журналистнинг маоши бу жуда муҳим, ҳар ҳолда журналистика биринчи навбатда, бу-касб. Лекин ҳозирги олаётган маоши эвазига ҳам танқид ёзишни афзал биладиган журналистлар жуда кўп, лекин бунинг учун майдон йўқ. Яна бир нарса, амалдорларнинг маданиятини ўзгартирувчи энги яхши восита ҳам аслида матбуотнинг эркин бўлиши, яъни амалдорларда журналистларнинг қўли уларга етиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввур бўлса, ўз-ўзидан ўзгариш бошланади.

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk

SMS рақамимиз +447786201124