Туркманистонда янги газ қувури очилди

Газ ўлчагич
Image caption Россия Туркманистон газининг деярли барчасини сотиб олади ва Ғарбий Оврўпо мамлакатларига экспорт қилади.

Туркманистон Қорақум саҳросидаги газ заҳираларини Шўролар даврида барпо этилган "САЦ" - "Ўрта Осиё-Марказ" магистрал газопроводига етказувчи янги қувурни ишга туширган.

Мутахассисларга кўра, ушбу қувурнинг очилиши турман гази экспорти кучайишига хизмат қилади.

Туркманистон Энергетика ва минерал заҳиралар вазирлигидаги манбаларнинг матбуотга айтишларича, ушбу қарийб 200 километрлик қувур орқали йилига 3 миллиард куб метр газ етказиш кўзда тутилган.

Келажакда газ ҳажми 5 миллиард куб метрга оширилиши мумкин.

Бу билан Қорақум саҳросидаги табиий газ Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Россияга борадиган "Ўрта Осиё-Марказ" қувурига етказилади.

Россия узоқ вақтдан бери туркман гази асосий харидоридир. Аммо, асосан Россия қувурлари орқали жаҳон бозорига газ сотадиган Туркманистон раҳбарияти шарқ, жануб ва ғарбга элтадиган қувур йўналишларига катта қизиқиш билдириб келади.

Турманистон Хитой ва Эронга борувчи газ қувурлари ҳам қуришни бошлаган.

Айни пайтда Туркманистон Россияни четлаб ўтувчи "Набукко" қувури орқали Оврўпога газ етказиб бериши мумкин. Туркманистон Президенти Гурбонгули Бердимуҳамедов Оврўпо Иттифоқининг ушбу лойиҳасига иштирок этиш ниятида эканини маълум қилганди.

Яқинда Туркманистон ва Афғонистон туркман газини Покистон ва Ҳиндистонга элтадиган газ қувурини бошлаш бўйича келишув имзолаганлар.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124