Қозоғистонда ўн бир ўзбекистонлик қулликдан озод этилди

Image caption Ўзбекистонликларнинг ҳатто кўрпа-тўшаклари ҳам бўлмай, ерда ёки ўт-ўланнинг устида ётишган

Олма ота вилоятида 11 ўзбекистонлик қулликдан озод қилинди, улардан яна иккитаси олдинги иш жойига қочиб кетган.

Ўзбекистонликларнинг аксари Ақжар посёлкасидаги ташландиқ баракда мажбуран ушлаб турилган ва шу ердан ишга олиб чиқилган.

Ушбу жиноятда гумон қилиниб тўрт киши қўлга олинган.

Уларнинг раҳбари ушбу ишчиларни Ўзбекистонда ҳар бирини 100 доллардан сотиб олганини айтмоқда.

Ўзбекистонликларни озод қилишда Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг махсус "Арлан" гуруҳи иштирок этган.

Олдинига саккиз киши ва яна кейинчалик беш киши мажбурий меҳнатдан озод қилингач, иш берувчига нисбатан жиноий иш очилган.

Олма ота вилояти Ички ишлар департаменти матбуот хизматидан Нурум Идуллаевнинг Би-би-сига айтишича, ўзбекистонликларнинг дом-дараксиз кетгани яқинларини хавотирга солган ва шундан сўнг уларни қидириш бошланган.

Яқинлари ёш йигитларнинг Олма отага ишлаш учун кетганлигини билишарди. Кейинчалик улардан дарак бўлмайди. Икки марта алоқага чиқишган ва турли телефонлардан онда-сонда SMS хабар юбориб туришган. Бироқ ўзларининг мобил телефонлари ўчирилган бўлган.

- Қозоғистон фуқаролари уларни Ўзбекистондаёқ ҳар бирига 100 доллардан бериб сотиб олишганини айтмоқдалар, дейди Нурум Идуллаев.

Асосан бухоролик шахсларни мажбуран ишлатган қозоғистонликлар тўрт киши бўлган ва ҳозирда уларга нисбатан жиноий иш очилган.

- Қозоғистонда юрганимда бир шахс ўзининг полицияда ишлашини ва ишчи кераклигини айтди. Қўлимга шартнома тутқазди. Кейин мен Ўзбекистонга бориб эълон бериб, 15 одамни тўпладим. Асосан бухороликлар, яна уч сурхондарёлик эди. Қозоғистонга келганимиздан кейин улар бизни тўрт ой мажбуран ишлатишди, ҳеч қандай пул беришмади, - дейди Ўзбекистондан одамларни ишлашга олиб келган 23 ёшли йигит.

Унинг қўшимча қилишича, ўзларининг ётиб турган жойида умуман шароит бўлмаган, ҳаттоки кўрпа-тўшаклари ҳам бўлмай, ерда ёки ўт-ўланнинг устида ётишган.

"Бир нонни бир неча киши бўлиб ердик. Овқатимиз қуруқ макарон эди. Кунига 10 соат қурилишда ишлардик", дейди бухоролик йигит.

Олма ота вилояти ички ишлар департаменти ходимининг айтишича, яна икки киши иш берувчининг уйига қочиб кетган.

- Уларнинг бири сомсапаз, яна бири иш берувчининг ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Биз Қозоғистонда қолиб ишлаймиз, деб келган жойларига қайтиб кетди, - дейди полиция вакили.

Ҳозир Ўзбекистон фуқаролари полиция томонидан ажратилган квартирада сақланмоқда. Уларнинг 5 таси кўрсатма бериш учун қолиши ва қолганлари Ўзбекистонга юборилиши айтилмоқда.

"Энди Қозоғистонни елкамнинг чуқури кўрсин. Бухорога қайтиб боргач, пул топиш учун Россияга кетаман. Бизда умуман иш йўқ, уйланишим учун ҳам пул топишим керак", дейди ўзбекистонликларни Қозоғистонга ишлаш учун олиб келган йигит.

Қозоғистонда ўзбекистонликларнинг мажбурий равишда қурилишда ва фоҳишахоналарда ишлатилиши тез-тез содир бўлиб туради.

Мутахассислар бундай ҳолатга тушиб қолишларига меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий саводи йўқлиги сабаб эканини айтадилар, оқибатда улар шартномасиз ишлайдилар.