Афғон парламент сайловидаги бир миллиондан зиёд овоз яроқсиз топилган

Қаллобликлар ёки бошқа қонунга зид амаллар важ қилиб кўрсатилиши ортидан Афғонистондаги сайлов мулозимлари сентябр ойида ўтган парламент сайловларидаги бир миллион 300 минг бюллетенни яроқсиз деб топган.

Мамлакатда 18 сентябр куни овоз бериш ўтказилган, унда қарийб беш миллион 600 минг сайловчи иштирок этган.

Расман рўйхатга олинган сайловчиларнинг 40 фоизчаси сайловда қатнашгани хабар қилинган.

Бекор қилинган бюллетенлар жами овозларнинг тахминан чорагини ташкил этади.

Сайлов кунида сохтагарчиликка қўл ургани даъволари билан 220 дан зиёд номзод устидан текшириш бошланган.

Овоз бериш натижаларини текшираётган гуруҳнинг ўз ишини шу ой охиригача давом эттиришлари маълум қилинган.

Шундан сўнг якуний натижалар эълон қилинади.

Афғонистондаги Мустақил Сайлов комиссияси мулозими Фозил Аҳмад Маънавийнинг айтишича, овоз беришда 5 миллион 600 минг атрофида сайловчи қатнашган бўлса, бюллетенларнинг 4265347 таси яроқли, қарийб 1300000 таси яроқсиз деб топилган.

Айни пайтда БМТ дастагидаги Афғон Сайлов шикоятлари комиссияси 4000 дан зиёд расмий шикоятларни ўрганишга киришган.

Бу йилги парламент сайловлари Афғонистонга АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар киритилганидан кейин ўтказилган иккинчи парламент сайловлари бўлди.

Мамлакат парламентининг қуйи палатаси - Улуси Жиргадаги 249 ўрин учун 2500 дан ортиқ номзод курашга киришди.

Парламент ўринларининг 68 таси хотин-қизларга мўлжалланган.

Би-би-си мухбирига кўра, ушбу парламент сайловлари Афғонистондаги сиёсий тизим учун ўтган йилги президентлик сайловларидан кейинги жиддий синов бўлди.

Президентлик сайловларида ҳам 1,5 миллион бюллетен сохта деб топилган, сохта овозларнинг чораги Ҳамид Карзайни ёқлагани аниқланган эди.