Венада Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига пикет.

Image caption Венадаги пикет қатнашчилари Қозоғистон ҳибсхонасида ушлаб турилган ўзбек қочқинларининг экстардиция қилмасликни талаб қилмоқдалар.

Венада Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг анжумани бўлиб ўтаётган бино ўнгида Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қозоғистондаги ўзбек қочқинларининг экстрадициясига қарши пикет ўтказа бошлади.

Пикет қатнашчиларидан бирининг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, улар Олма Ота шаҳри ҳибсхонасида ушлаб турилган 29 нафар ўзбекистонлик қочқиннинг тақдирига анжуман қатнашчилари эътиборини тортмоқчилар ва айни вақтда Қозоғистон расмийларига халқаро ҳамжамият ўнгида олган мажбуриятларини эслатиб қўймоқчилар.

Пикетчиларга кўра, қочқинларни Ўзбекистон каби қийноқлар қўлловчи, дея кўрилган давлатга чиқариб юбориш ҳаракатлари уларни хавотирга солмоқда.

Пикет иштирокчиларининг аксари ўзлари Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий айблар билан ўтириб чиққан ва қийноқларни шасхан ўзлари бошдан кечириб, гувоҳ бўлган шасхлардир.

"Биз Олма Отадаги ҳибсхонда ўтирган бошпана изловчиларнинг ҳам бошларига шундай кунлар тушишини хоҳламаймиз, шунинг учун бу пикетга бел боғладик", деди пикет қатнашчиларидан бири Аҳмад Исо.

Бир неча йилдан буён Қозоғистон ҳудудида яшаб келган ўзбекистонликларнинг аксарига аввал БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан "бошпана изловчи" мақоми берилганди.

Аммо яқинда бу каби ваколат Қозоғистон Миграция хизматига ўтказилиши ортидан ўтган июн ойида Олма ота шаҳрида 45 нафар қочқин ҳибсга олинган.

Кейинчалик Олма Ота шаҳар прокуратураси уларнинг 29 нафарига нисбатан Ўзбекистонга экстардиция қилиш қарорини чиқарган.

Қозоғистон томони Ўзбекистон Бош прокуратурасининг талабларини текшириб чиқиб, ўринли деб топганликлари, Ўзбекистон томони лозим далиллар билан таъминлагани ва Минск шартномаси асосида уларни ортга экстрадиция этиш учун ҳибсга олинганликларини айтган.

Ўзбекистонлик қочқинларни экстрадиция қилмасликни талаб қилган пикет ва намойишлар шу вақтгача Оврўпонинг бир қатор бошқа мамлакатларида ҳам бўлиб ўтган.