'Тожикистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг икки фаол аъзоси ўлдирилган'

Бугун Шимолий Тожикистоннинг Исфара шаҳрида ўтказилган амалиёт натижасида террорчи сифатида кўрилаётган икки киши ҳалок бўлган. Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитасига кўра, улар Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг фаол аъзолари бўлишган.

Расмийларга кўра, қуролли жангарилардан бири аёл киши бўлган.

Бу - Шимолий Тожикистонда биринчи марта аёл кишининг қуролли жангари сифатида ўлдирилишидир.

Ўтган йили айнан октябр ойида Исфарада қуролли жангариларни қўлга олиш жараёнида юз берган отишмада Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий ҳаракати аъзолари сифатида кўрилган тўрт киши ҳалок бўлганди.

Ҳуқук-тартибот мулозимларига кўра, хавфли қуролли жангариларни қидириш жараёнида уларнинг яширинган ери аниқланган.

Қўлга олиш пайтида қуроллилар қаттиқ қаршилик кўрсатишган. Натижада икки ўртада бошланган отишмада қидирилаётган одамлар ўлдирилган.

Иккови ҳам 25 ёшда бўлган - Мухтасар Миромонова ва Насимжон Акрамовларнинг Исфара шаҳрида яшаганликлари ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаол аъзолари бўлганликлари айтлган.

Отишма юз берган Исфаранинг Чилдухтарон мавзеидан иккита Калашников автомати, битта Макаров тўппончаси, граната ва ўқ-дорилар топилган.

Бундан бир йил олдин Исфаранинг собиқ Колхоз кўчасидаги ҳовлилардан бирида қуролли жангариларни қўлга олиш жараёнида уйга яшириниб олган тўрт киши ҳалок бўлганди.

Шундан сўнг Исфарада бу ҳаракатга мансуб ёки тарафдор бўлганларни қидириш бошланиб кетди. Бу қидирувлар натижасида, жумладан, икки аёл ва бир мактаб ўқувчиси қўлга олинди.

Ўқувчи ва бир аёл қуролли жангариларга ёрдам беришда айбландилар.

Айни бир пайтда Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий ҳаракатига мансуб дея кўрилган қирқ нафардан ортиқ кишига нисбатан қидирув эълон қилинди ва уларнинг сурати маҳаллий телевидениеда кўрсатилди.

Жорий йилда қидирувда бўлганлардан бир киши Хўжанд-Душанбе йўлида юз берган отишмада ҳалок бўлган.

Маҳаллий кузатувчилар фикрларича, қуролли жангариларни қидириш ва қўлга олиш жараёнида оддий диндорлар ҳам жабрланиши эҳтимоли йўқ эмас.