'Этник низоларда айбланаётганлар ҳимоячилари ҳимоя қилинсин'

Image caption Намойишчилар ҳимоячиларнинг ҳимояси таъминланишини талаб этишмоқда

Қирғизистон пойтахти Бишкекда июн ойидаги этник низоларга алоқадорликда айбланаётганлар ҳимоячиларининг ҳимояси таъминланиши талаби билан норозилик намойиши бўлиб ўтмоқда.

Қирғизистон Бош прокуратураси биноси яқинида уюштирилган норозилик акциясида қатор маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ҳимоячилар иштирок этишмоқда.

Намойишчилар "Ҳар ким ҳимоя этилишга ҳақли", "Ҳимоячиларни ҳимоя этинг!", "Ҳимоячиларнинг хавфсизликлари таъминлансин" ва "Ҳимоячи - адолатли маҳкаманинг таянчи," деган шиорларни кўтариб олишган.

Иштирокчилардан бирининг айтишича, норозилик акциясидан мақсад - масъулларни Қирғизистон жанубидаги этник низолар юзасидан бўлиб ўтаётган маҳкамаларда иштирок этаётган ҳимоячиларнинг ҳимоясини таъминлашга ундашдир.

"Тўғри, миллий низолар чоғида одамлар ўз яқинларини йўқотишди. Бироқ бу уларга ҳимоячиларга босим ўтказиш ёки уларни ҳужумга тутиш ҳуқуқини бермайди. Масъулларнинг бу масалада бирор бир чора кўрмаётганликлари ниҳоятда ташвишланарлидир," дейди намойишчилардан бири.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг баён қилишича эса, бу каби маҳкама жараёнларида судланувчилар, уларнинг ҳимоячилари ва ҳакамларнинг хавфсизликларини таъминлаш учун етарлича чораларга қўл урилган. Ва бу хусусдаги ҳар қандай хавотир ва талабларни жиддий ўрганиб чиқиб, лозим чораларни кўришга ҳозирдирлар.

Ўтган ҳафта инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилотлар махсус баёнот билан чиқиб, Қирғизистон жанубида бораётган маҳкама жараёнларидан ўз хавотирларини изҳор этишганди.

Жумладан, "Хьюман Райтс Вотч" ташкилоти жанубий Қирғизистонда июн ойидаги этник низолар билан алоқадорликда маҳкамага тортилаётганларнинг яқинларига уюштирилаётган ҳужумлар айбланувчиларни адолатли маҳкамадан маҳкум этиши ва адолатни қарор топтиришни қийинлаштиришини айтганди.

Халқаро ташкилотга кўра, қурбонларнинг ғазабнок яқинлари маҳкама арафаси ва ортидан айбланувчилар, уларнинг яқинлари, ҳимоячилар, журналистлар, мустақил кузатувчилар ва ҳатто, ҳакамларнинг ўзларига ҳам пўписа қилиб, уларни ҳужумга тутишмоқда.

Ҳужумга тутилаётганлар аксариятининг ўзбеклар экани айтилади.

Қирғиз масъуллари июн ойидаги зўравонликлар юзасидан 4 мингдан ортиқ жиноий иш очишган ва маҳкама жараёнлари август ойидан буён давом этиб келади.

Қирғизистонлик ҳимоячиларнинг ҳимоясига қаратилган шунга ўхшаш норозилик акциясининг бугун июн ойидаги этник низолардан жиддий жабр кўрган жанубий Ўш шаҳрида ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда.