Қозоғистон Ироқ ғарбидаги “Аккас” конидан газ қазиб олиш ҳуқуқини қўлга киритган

Қозоғистоннинг Қазмунайгаз компанияси кимошди савдода Ироқ ғарбидаги “Аккас” конидан газ қазиб олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Анбар вилояти ҳудудида жойлашган ушбу газ конининг захирасида 158 миллиард куб метр газ бор дея тахмин қилинади.

Маҳаллий оммавий-ахборот воситаларида ушбу ҳуқуқ хорижда эришилган яна бир ютуқ дея баҳоланмоқда. Бироқ мустақил кузатувчилар Қозоғистон нефт газ соҳаси сармоя киришига муҳтож бўлиб турган вақтда сиёсий беқарор Ироққа пул ётқизишда мантиқ кўрмаяптилар.

Ироқ ғарбидаги "Аккас" кони сотувга қўйилган уч газ кони ичидаги энг йиригидир. Уни ишлатиш ҳуқуқи Қозоғистоннинг Қазмунайгаз, Жанубий Кореянинг Kogas ва Ироқ ҳукуматидан ташкил топган консорциум қўлга киритган.

Ушбу газ конининг Қазмунайгазга қанчага тушгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо ҳукуматга яқин оммавий-ахборот воситаларида ушбу келишув Қозоғистон компанияларининг хориждаги қўлга киритган яна бир ютуғи дея баҳоланмоқда.

Қазмунайгазнинг бош директори Кенжебек Ибрашев шу муносабат билан чиқарилган пресс релизда жумладан:

“Қазмунайгаз Қозоғистон нефт ва газ соҳасини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга хориждаги истиқболли ҳамда иқтисодий ўзига жалб қилувчи лойиҳаларни излашда давом этмоқдамиз. Ироқ Қазмунайгазнинг бизнес жўғрофиясини кенгайишида энг мақбул йўллардан бири,” деган.

Бироқ маҳаллий мустақил экспертлар Қазмунайгазнинг сиёсий беқарор ўлкага сармоя киритганидан ўз ҳайронликларини яшира олмаяптилар.

Боз устига ушбу газ кони сотилиши билан аҳолисининг асосий қисми суннийлардан ташкил топган Анбар вилоятининг етакчилари хорижлик сармоядорларга огоҳлантириш билан чиқиши бу борада хавотирларни янада орттирган.

Вилоят етакчилари агарда маҳаллий аҳоли ушбу кондан фойда кўрмаса, хорижликлар ундан умуман фойда ололмасликлари мумкинлиги билан таҳдид қилишган.

Умуман бу Қазмунайгазнинг хориждаги нефт ва газ соҳасида илк уриниши эмас, бунгача Гуржистон ва Руминия республикаларида ушбу компаниянинг улушлари бўлган.

Мустақил эксперт Сергей Смирновнинг Би-би-сига айтишича, Қазмунайгаз хориж нефт газ соҳасига кириб бораркан фойдани эмас, компаниянинг имиджини ошириш учун шов-шув чиқаришни мақсад қилади.

-Тўғрисини айтсам, Қазмунайгазнинг хориждаги ҳали бирорта келишуви молиявий жиҳатдан фойдали бўлгани йўқ. Ироқдаги келишувдан ҳам биз ютдик дея мақтанаётган бўлишса-да, у бўлгада газ қувури тузилмаси умуман ривожланмаган. Тендернинг асосий шартларидан бири - Ироқни газ билан таъминлашдир. Завод ва маҳаллий ахолини таъминлагандан сўнг қолган бир қисмини экспорт қилишлари мумкин, дейди Сергей Смирнов.

Экспертга кўра, Қозоғистон ичидаги газ қувурлари Шўролар давридан бери янгилангани йўқ, яъниким четдан сармоя кутиб ётибди. Шундай бир ҳолатда Қазмунайгазнинг Ироқ даштига йўқ ердан бошлаб газ қувурларини ётқизишини кутиш бироз мантиққа тўғри келмайди.

Қозоғистоннинг ушбу лойиҳага қанча сармоя киритиши маълум қилинмаган. Аммо тендерга қўйилган бошқа конларнинг янги соҳиблари 3 миллиард доллар сармоя киритишини билдиришган.

Улар сотиб олган конлар Қозоғистон қўлга киритган кондан кичиклиги айтилади. Шунинг учун ҳам Қозоғистон, Ироқ ва Жанубий Корея кирган консорциум ётқизиши керак бўлган маблағ, табиийки, бундан катта бўлиши тахмин қилинмоқда.

- Жанубий Корея ҳақида гапирмайман, чунки уларда пул бор. Аммо Қазмунайгазнинг маблағни қаерда олиши катта савол бўлиб турибди. Айниқса Бейнеу-Чимкент газ қувурини ётқизишга 500 миллион доллар тополмаётган компания қандай қилиб Ироққа пул топаркан, деган савол ҳаммани ўйлантираяпти. Қозоғистондан Хитойга ўтувчи ушбу газ қувури харажатларининг катта қисмини Хитой ўз зиммасига олган, Қозоғистон эса атиги 500 миллион киритиши керак. Ҳаттоки, шу пулни ҳам топишолмаяпти, дейди мустақил эксперт Сергей Смирнов.

Қазмунайгаз компанияси Қозоғистондаги нефт қазиб олувчи энг йирик уч ширкатнинг биридир. Ушбу компания 2009 йили 11,5 миллион тонна нефт қазиб олган.