Ўзини озиқ-овқат билан таъминлашга Тожикистоннинг қурби етадими?

Image caption Тожикистоннинг аксарият ҳудуди тоғлардан иборат бўлса ҳам, боғ-роғлар яратиш учун қулай имкониятлар мавжудлиги айтилади

Экин йиғиштириб олинган майдонда трактор ер шудгорлаяпти.

"Бу трактор ўзимники эмас, ер ҳайдаб бергани учун эгасига пул бераман," дейди Истаравшан туманида яшайдиган деҳқон Қобилжон.

Тожикистон мустақилликка эришгач, Шўролар давридаги колхоз ва совхозлар бирин-кетин ўз жойини деҳқон ва фермер хўжаликларига бўшатиб бера бошлади.

Қобилжон ҳам кичик деҳқон хўжалиги раҳбарларидан бири. У оила аъзолари билан бирга асосан картошка етиштириш билан шуғулланади. Қобилжон етарли маблағ тўплагач, трактор сотиб олиш ниятида.

"Картошка етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Олдинги йиллар Колорадо қўнғизи деган бир балодайин ҳашарот бор эди. Бу йил бир йўлини топиб ундан қутулдик. Лекин бу селитра дегандай ўғитнинг нархи ошиб кетди. Бўлмаса, картошкани янада арзонроқ сотган бўлардик," дейди Қобилжон.

Қобилжонлар оиласи бозордан деярли бирон-бир қишлоқ хўжалик маҳсулоти сотиб олмайди.

"Ўзимиз буғдой экамиз, бошқа сабзавотлар ҳам даламиздан чиқади. Сигир-қўйларимиз бор, сут-қатиқ, гўшт ҳам сотиб олмаймиз," дейди Қобилжон.

Тоғли ўлка имконлари

Тожикистон ҳудудининг 90 фоиздан ортиғи тоғдан иборат. Лекин мавжуд текис ерларда ҳамда тоғ ёнбағирларида деҳқончилик қилиш ва боғ-роғлар яратиш учун қулай имконият мавжуд.

Шўролар пайтида Тожикистонда йилига ўртача 700-800 минг тонна атрофида пахта етиштирилган. Пахта хирмони 1 миллион тоннага етган пайт ҳам бўлган.

Ҳозирда ялпи пахта етиштириш деярли икки бараварга камайиб кетди. Бунга пахта ерлари ўрнига бошқа экинлар экила бошлаш билан бирга пахта ҳосилдорлигининг икки баравар камайиб кетиши ҳам сабаб бўлди.

Бу йил Суғд вилоятида узоқ йиллардан кейин биринчи марта пахта етиштириш режаси бажарилиши кутилмоқда. Ҳозирда пахтакор туманларнинг деярли ярми режани бажариб бўлган. Жаҳонда пахта толаси нархининг ошиши эса деҳқон даромадини кўпайтиради.

Қоҳир Расулзода Суғд вилояти давлат ижроия ҳокимияти раиси:

"Солиқ , бошқа харажатлардан ташқари деҳқоннинг қўлига гектарига икки минг доллар қолаётир. Бир гектар ерга кўпи билан 500-600 доллардан сарфланган. Чунки бу йил биз етарли даражада минерал ўғит олиб кела олмадик. Бу йил вилоятга ўтган йилга қараганда 17 минг тонна кам минерал ўғит келтирилди," дейди Қоҳир Расулзода.

Айни бир пайтда Тожикистонда бошқа экинлар салмоғи орта борди.

Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлигига кўра, йилнинг ўтган муддатида деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш кўпайган.

Мамлакатда ўтган йилнинг шу даврига қараганда деярли 400 миллион сомонийлик – бу 90 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрланган.

Жумладан, 1 миллион тоннадан ортиқ дон маҳсулотлари етиштирилган.

Тожикистон Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистон каби давлатларга 190 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулоти сотган. Тожикистондан четга асосан пиёз, полиз маҳсулотлари ва қуруқ мева чиқарилади.

Айни бир пайтда жорий ойдан бошлаб Тожикистондан четга қорамол, гўшт, картошка каби маҳсулотлар чиқариш тақиқлаб қўйилди.

Қор ёндириш учун қалов излаганлар

Хўжанддаги "Нов Тараққиёт Жараёнлари Агентлиги" маҳаллий ижтимоий ташкилоти кейинги йилларда экин ҳосилдорлигини ошириш борасида деҳқонларга ёрдам бериб келмоқда.

Мазкур ноҳукумат ташкилоти етакчи агрономи Набижон Аҳадов, "Шўролар пайтида бир гектар ердан 800 центнергача помидор олинарди. Чунки у пайтда агротехниканинг барча қоидаларига амал қилинарди. Минерал ўғит, сув етарли эди. Ҳозирда ҳосилдорлик икки-уч баравар камайиб кетган," дейди.

Агроном Набижон Аҳадовнинг айтишича, ҳозирги пайтда ҳам ҳосилдорликни ошириш имкониятлари бор:

"Бирлашган Миллатлар ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар ёрдамида ҳосилдорликни ошириш учун тажриба майдонлари яратилмоқда. Бизнинг ташкилотимиз Жаббор Расулов ва Спитамен туманларидаги деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорликда тажриба майдонларида мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда помидор етиштиришни йўлга қўйди,"дейди у.

Агрономнинг айтишича, фақат чиринди, гўнг солинган экин майдонларида помидор ҳосилдорлиги олтмиш-етмиш фоизга ортган. Бунда биоусуллардан фойдаланиш ҳам қўл келган.

Маҳсулот кўпайтириш имкониятлари

Асосан аграр мамлакат саналган Тожикистонда кейинги йилларда экин экилмай қолиб кетаётган ерлар кўпайди.

Мутахассислар бунинг асосий сабаби дея деҳқонларнинг сарфлаган харажатлари ва меҳнатларига яраша фойда олмаётганликларини кўрсатишади.

Деҳқончилик ортидан елкасига офтоб урмаётган одамлар эса тирикчилик илинжида Россия каби мамлакатлар томон йўл олишмоқда.

Тожикистонда мутахассислар ва соҳа олимлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш имкониятлари мавжудлигини таъкидлашади. Бунинг учун янги техника сотиб олиш, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш ашёлари таъминотини яхшилаш билан бирга янги ерларни ўзлаштириш имкони борлиги ҳам айтилади.

Жумладан, Шимолий Тожикистонда Шўролар пайтида ўзлаштирила бошланган минглаб гектар майдондаги Қизили мавзеини экин ерларига айлантириш борасида гап боради.

Лекин бу ерларни ўзлаштириш учун Зарафшон дарёси сувининг маълум бир қисмини ортга буришга тўғри келади.

Бу лойиҳа эса биринчидан катта маблағ талаб қилса, иккинчидан Зарафшон сувидан фойдаланадиган Ўзбекистон манфаатларига мос тушмайди.

Айни бир пайтда мустақил мутахассислар фикрича, шўрланган ерлар шўрини қочириб, қайтадан экин эка бошлаш, қишлоқ хўжалигида мулкдорлик шаклини ўзгартириш, бир ердан йилига икки-уч ҳосил олиш Тожикистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари салмоғини кўпайтиришга олиб боради.