Гиёҳванд моддалар савдоси беқарор Ўш шаҳрини вайрон этмоқда - ўз мухбиримиздан

Image caption Бу ерда Ўшдаги гиёҳвандлар шприц алмашишади

Марказий Осиёнинг Қирғизистон Республикаси Афғонистондан Россия ва Оврўпо давлатларига етказилаётган гиёҳванд моддалар йўлининг асосий бўғини бўлиб қолмоқда. Дунёнинг қарийб чорак қисм қора дориси ушбу ҳудуд орқали ўтади, деб ишонилади ва Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳри эса транзитнинг маркази бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, Ўш шаҳри шу йилнинг июн ойида юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган этник низоларнинг ҳам маркази бўлган эди. Марказий Осиёдаги мухбиримиз Райхон Демитри гиёҳванд моддалар савдосининг мамлакатга таъсирини ўрганган:

Орттирилган Иммун вирусига қарши чиқарилган плакатлар осилган кичик хонада маҳаллий нодавлат, нотижорат ташкилоти игна алмаштириш дастурини йўлга қўйган. Кўпчилиги ўтмишда гиёҳванд моддалари истеъмолчиси бўлган кўнгиллилар, маҳаллий бангилар учун тоза шприцларни олишга келган. Олег ана шундай кўнгиллилардан бири.

“Шаҳар ҳудудларга бўлинган. Менинг ҳудудимда 111 та наркоман бор ва улар бизлар билан ишлашга рози бўлганлари холос. Ҳар ойда бир нечтасининг ўлиб кетганини эшитиш мумкин,” дейди Олег.

Жаҳон қора дори савдосининг тақрибан 25 фоизи Марказий Осиё давлатлари орқали амалга оширилади. Ўш эса ушбу йўлнинг асосий марказларидан ҳисобланади. Ҳар йили ўртача 20 тонна афғон героини Тожикистонннинг тоғли довонлари орқали келиб, Россияга йўналади. Кўпчилик одамлар кунига бир неча долларга тирикчилигини ўтказадиган ушбу камбағал ҳудудда қора дори савдоси мўмай даромад келтирувчи бизнесга айланган. Бангивор моддаларни арзон баҳоларга ва Ўшнинг исталган кўчасида топишингиз мумкин.

Биз баъзи кўнгиллилар билан сафарга отланаяпмиз. Машинада Олег билан бирга ўтирибмиз. У тоза ва янги шприцлар тарқатадиган ўз ҳудудига бизни ҳам олиб бормоқчи. Олег бизга кўплаб дўстларининг героин моддасини ҳаддан зиёд қўллаб, ўлганликларини айтади:

“Менинг 80 га яқин дўстим қора доридан ўлиб кетди. Бунинг сабаби ҳаддан ортиқ наркотик истеъмол қилиш ёки бизнинг тил билан айтганда тилло меъёрдир,” дейди Олег.

Савол: Ҳозиргина тилло меъёр ҳақида гапирдингиз, бу нима дегани?

“Банги чарчаб, ҳаётдан тўйганда истеъмол қиладиган кўп миқдордаги наркотикдир. Яъни у 50 доллар бериб, 3 грамм қора дори сотиб олади. Ҳаммасини бир шрицга жойлаб томирига юборади. Сўнг меъёрдан ортиқ бўлгани учун ўлади. У уйқуга кетгани бўйи қайтиб турмайди. Мана шунга тилло меъёр дейилади. Яъни ўз жонига суиқасд,” дея сўзларида давом этади Олег.

Биз Олег бошлаб келган Ўш шаҳридаги ОИТС марказига кириб келмоқдамиз. Бурчакда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчиларга кўзимиз тушади. Биз уларни суҳбатга чорлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Бангилар Ўш шаҳрида героин моддаларини милиция ходимлари тарқатишига ишонишларини айтишади. Улар Ўшни қизил шаҳар дейишади. Милиция сотувчиларга қора дори олиб келиб беради ва савдосидан фойда қилади. Мен Ички ишлар вазирлиги қошидаги гиёҳвандликка қарши департамент раҳбари Мелис Мамасалиевдан милиция зобитларининг коррупцияга алоқадорликда айбланишлари ҳақида сўрадим.

“Бу йил бу борада бирорта ҳам ҳолат бўлгани йўқ,” дейди у.

Жаноб Мамасалиевнинг қўшимча қилишича, Ўшдаги июн воқеалари наркотикка қарши курашнинг белига тепган:

“Энг катта ҳажмдаги, яъни 100 кг қора дорини шу йилнинг май ойида мусодара этгандик. Бундан кўп ўтмасдан июн ойида миллатлараро тўқнашувлар бўлиб ўтди. Шундан бери бизда бу каби қўлга олишлар бўлмади. Ўшандан буён гиёҳванд моддалар билан курашиш ҳолатида эмасмиз,” дея сўзларида давом этади жаноб Мамасалиев.

Гиёҳвандликка қарши курашиш бирлашмалари Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари каби бу йил президентни ҳокимиятдан ағдариш, жанубдаги этник низолар каби улкан сиёсий воқеалар гирдобида қолиб кетди. Яқинда бўлиб ўтган зўравонликларда жиноий гуруҳлар ва нарко мафиялар ўзига хос роль ўйнади деб ишонилади. Виталий Ўразалиев яқинда қайта ишга туширилган наркотик моддаларни назорат қилиш хизматининг раҳбари:

“Июн ойидаги тўқнашувларнинг сабабларидан бири қора дори ўтказиш йўллари учун бўлган урушдир. Улар наркотик олиб ўтардилар ва наркомафиялар ўртасида уруш бўлди. Бизда бўшлиқ ҳукмронлик қиларди. Ҳукумат кучсизланган вақтда ҳеч ким уюшган жиноятчиликни назорат қилолмай қолди,” дейди жаноб Ўразалиев.

Ҳозирча Қирғизистондаги сиёсатчилар ва наркомафиялар ўртасидаги боғлиқликни исботлаш қийин. Шунга қарамай, 2009 йилда собиқ президентнинг қарори билан бир неча маротаба мувафаққиятли тарзда қора дорини қўлга киритганидан сўнг мамлакатдаги гиёҳвандлик билан курашиш агентлигининг ёпилиши, наркобаронларнинг ҳукумат тепасида одамлари бор, деган миш-мишларни урчитиб юборди. Паул Куин Жадж Халқаро Инқироз Гуруҳининг минтақавий директори:

“Ҳукумат ўзгарганидан сўнг, жиноий гуруҳлар ва наркобаронлар қора дорининг ўтмишдагидек ўз йўли бўйлаб кетишига ишонч ҳосил қилиш учун янги раҳбарлар излаб бошлаган деган кучли ишончлар мавжуд. Улар ўтмишда бўлгани каби ўта олий ҳимоя бўлишини исташмоқда. Уларга йўлдаги постлардан товарларини тўсиқларсиз олиб ўтиш учун ўта юқори лавозимли мулозимлар керак,” дейди у.

Ўш кўчаларига қайтган Олег ва унинг дўстлари бангилар орасида шприц тарқатишга киришиб кетишди.

“Ҳозир дилерлар сизга героин таклиф қилиши мумкин. Биз йиллар давомида бу нарсани излаб, чор-трофни кезардик. Бироқ ҳозир сиз машинангиз билан кўчада айланиб юрганингизда тўхтатиб қора дори таклиф қилишлари мумкин. Шунинг учун ҳам бу нарса ҳозир кўпайган дея оламиз. Ҳеч ким бу савдони назорат қилмаяпти. Мамлакатда сиёсий бўшлиқ давом этаркан, қора дори сотувчилари истаганини қилишлари мумкин,” дейди Олег.

Яқинда Қирғизистонда минтақадаги энг эркин сайловлар бўлиб ўтди. Сиёсий партиялар коалицион ҳукумат шакллантириш устида ишламоқда. Собиқ президентнинг кўплаб маслакдошлари қайта сайланди. Ва уларнинг янги ҳукуматда сезиларли ўринга эга бўлиши кутилмоқда. Айни дамгача уларнинг устивор масалалари рўйхатида уюшган жиноятчилик ва қора дори савдосига қарши курашиш юқори ўринларда бўлиш-бўлмаслиги номаълумлигича қолмоқда.