Юзлаб қирғиз миллатчилари Бишкекда намойиш ўтказишди

Қамчибек Ташиев
Image caption Қамчибек Ташиев ўта миллатчи "Ата-Журт" партиясига раҳбарлик қилади

Қирғизистонда 10-октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларида ғолиб чиққан "Ата-Журт" партиясининг бир ярим мингга яқин тарафдорлари Бишкекда намойиш ўтказиб, мамлакат хавфсизлик хизмати раҳбарининг истеъфосини талаб қилганлар.

Ўта миллатчи кайфиятдаги партия тарафдорлари Қирғизистон Давлат хавфсизлик хизматининг бошлиғи Кенешбек Душебаевни партия раҳбари Қамчибек Ташиевга қарши суиқасд уюштиришга уринганликда айблаганлар.

Намойишчиларнинг баъзилари "Душебаев кет!" ва "Душебаев - молбоқар!" деган шиорларни кўтариб олганлар.

Бишкек марказида ўтган намойиш қатнашчиларидан бири: "Токи Хавфсизлик хизмати бошлиғи вазифасидан бўшатилмас экан, бизнинг намойишимиз давом этаверади," деб огоҳлантирган.

"Ата-Журт" партияси тарафдорлари намойишларини узлуксиз давом эттиришларини айтганлар.

Партия лидери Қамчибек Ташиевнинг даъво қилишича, хавфсизлик хизмати ходимлари шанба куни Кенешбек Душебаев буйруғи билан унинг Бишкекдаги уйига киришга уринганлар.

"Бир гуруҳ қуроллилар менинг уйимга бостириб киришга уриндилар, бироқ қўриқчилар бу уринишни бартараф этишга муваффақ бўлдилар," деб айтган Қамчибек Ташиев.

"Тўқнашув пайтида ҳужум қилганлар осмонга қарата ўқ ота бошлашди, лекин қўриқчилар ҳужумчиларнинг қуролларини ва улардан бирининг гувоҳномасини тортиб олишди," илова қилган "Ата-Журт" партиясининг бошлиғи.

Қамчибек Ташиевнинг даъво қилишича, гувоҳнома Қирғизистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимига тегишли бўлган.

Ҳодиса пайтида қўлидан яраланганини маълум қилган Қамчибек Ташиев ҳужумчилар мақсади "мени ё ўлдириш ёда ўғирлаб кетиш эди," деб айтган.

"Агар бизнинг талабларимиз қондирилмаса, минглаб жанубликлар Бишкекка томон юришга тайёр туришибди," дея илова қилган Қамчибек Ташиев.

Ўтган ой бўлиб ўтган Қирғизистон парламент сайловларида "Ата-Журт" партияси 8.8 фоиз овоз тўплаб, парламентда энг кўп - 29 ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ҳозиргача ҳукумат якуний натижаларни расман эътироф этгани йўқ.

Президент Роза Ўтинбоева маъмуриятидагиларга кўра, президент бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга буйруқ берган.

Кенешбек Душебаев эса унинг ходимлари Ташиев яшайдиган ҳудудда шанба куни қидирув ишлари олиб боришгани, бироқ ҳеч ким унинг уйига бостириб киришга уринмаганини айтган.

"Агар менинг одамларим айбдор бўлишса, улар жазоланишади. Акс ҳолда, Қамчибек Ташиев расман кечирим сўраши керак бўлади," деб айтган Қирғизистон Давлат хавфсизлик хизматининг бошлиғи.