Горбачев Россиядаги демократиянинг аҳволидан ташвишда

Image caption Михаил Горбачевнинг ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати собиқ совет иттифоқига демократик ўзгаришлар олиб келган эди

СССРнинг биринчи ва охирги президенти Россиядаги демократиянинг аҳволидан ҳавотир изҳор қилди.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Горбачев Россия тоталитар тузумдан демократик давлат томон фақат ярим йўлни босиб ўтганни айтди.

Собиқ Совет раҳбарининг назарида мамлакатдаги демократия "муаммоларга дуч келган".

"Масалан, деди у, - россияликлар ҳозирда минтақа раҳбарларини тўғридан-тўғри сайлаш имконига эга эмаслар".

Жаноб Горбачев Бош вазир Путиннинг иқтидордаги "Ягона Россия" партиясини ҳокимиятда қолиш учун демократиядан оғишда айблади.

"Мен қаттиқ ташвишдаман. Бизнинг жамиятимизда хали ҳам демократиядан қўрқадиган ва тоталитар тузумни афзал биладиганлар бор", - деди жаноб Горбачев.

Михаил Горбачев Совет Иттифоқини замонавийлаштириш ва сақлаб қолиш масқсадида бошлаган қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати Россияга демократик ўзгаришларни олиб келган эди.

Унинг уриниши барбод бўлди ва СССР қулади.

Орадан қарийб 20 йил ўтган эса-да, кўпчилик россияликлар совет империясининг қулашида ҳануз Горбачевни айблашади.

НАТОга огоҳ

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Горбачев шунингдек, НАТОни Афғонистонда ғалаба қозониш имконсиз экани ҳақида огоҳлантирди.

20 йил аввал совет кучларини Афғонистондан олиб чиққан жаноб Горбачевга кўра, Американинг ҳам, агар иккинчи Ветнамни истамаса, ўз кучларини олиб чиқиб кетишдан бошқа йўли йўқ.

Собиқ совет раҳбари НАТО эришиши мумкин бўлган энг катта нарса Афғонистоннинг оёққа туриши ва урушдан кейин ўзини қайта қуришида ёрдам бериш эканини айтди.

Жаноб Горбачев Президент Обамани келаси йилдан бошлаб Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетишни бошлаш қарорини олқишлади.

Аммо у Қўшма Штатларни 20 йил аввал минтақадаги роли учун танқид қилди.

"Америка Саудия Арабистонининг молиявий ёрдами билан бугун Афғонистон ва Покистонни террор қилаётган афғон жангариларини тайёргарликдан ўтказган", - деди у.

Жаноб Горбачевнинг башорат қилишича, Американинг вазиятдан чиқиши қийин бўлади.

"Аммо бошқа йўл йўқ. Ярим миллион қўшинни жўнатиб, иккинчи Ветнамни яратиш иш бермайди", - деб айтди Михаил Горбачев.

Жаноб Горбачевнинг Россиядаги демократия билан боғлиқ ҳавотирларига қўшиласизми? У бошлаган перестройка даври Ўзбекистони нимаси билан ёдингизда қолган? Фикрларингизни бизга йўлланг.

BBCUZBEK.COM таҳририятининг SMS рақами +447786201124