Қирғизистонда парламент сайлови натижалари эълон қилинди

Ўш
Image caption Сайловлар 10-октябрда бўлиб ўтганди

Қирғизистон узоқ кутилган парламент сайловлари натижаларини эълон қилган. Бу билан мамлакатда янги иттифоқчи ҳукумат тузиш имконияти яратилган.

Парламент сайловлари 10-октябр куни бўлиб ўтганди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариевга кўра, 5та партия парламентдан ўринларни қўлга киритган, аммо уларнинг ҳеч қайсилари талаб қилинган кўпчилик овозга эга бўлолмаган.

Ҳукуматпараст икки партия-"Ата-Мекен" ва "Социал-демократик партия" ва учта мухолиф партия-"Ар-Намис", "Ата-Журт" ва "Республика" Олий Кенгашга киришга муваффақ бўлган.

Энг кўп ўринлар "Ата-Журт" (28та) ва "Социал-демократик партия" (26 та)га насиб этган. Кремлпараст "Ар-Намис" партияси 25, "Республика", 23, "Ата-Мекин", 18 ўринни қўлга киритган.

Парламентга ўтмай колган "Бутун Киргизистон" партияси натижаларни нотўғри ва умуман сайловни ноқонуний дея таърифлаган.

Расмий маълумотларга кўра, парламент сайловида 1 ярим миллиондан ортиқ киши, яъни сайловчиларнинг 55 фоиздан кўпроғи иштирок этган.

Натижаларни эълон қилиш кечикиши Марказий Осиёда илк парламент бошқарувини қарор топтиришга ҳозирланаётган Қирғизистонда янги зўравонликларга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирларни уйғотганди.

Июн ойида Қирғизистон жанубида кечган бир неча кунлик миллий низолар юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди. Зўравон тўқнашувлар сабаб минглаб кишилар ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.