Тожикистон: Раштда махсус ҳарбий тайёргарлик марказлари ташкил этилади

Тожикистонлик масъулларга кўра, мамлакатнинг беқарор шарқий Рашт водийсида доимий махсус ҳарбий ўқув тайёргарлик марказлари ташкил этилади.

Уларни барпо этишдан мақсад аскарларни тоғли шароитда амалиётлар олиб боришга ўргатиш экани айтилмоқда.

Бу ҳақда Тожикистоннинг Asia-Plus хусусий веб саҳифаси хабар тарқатган.

Масъулларнинг айтишларича, Тожикистоннинг асосий қисми тоғлардан иборат бўлгани учун ҳам мамлакат қуролли кучлари учун бу каби марказлар зарурдир.

"Ҳарбий тайёргарлик жамлоқларини ташкил этиш учун Раштга аллақачон қишки чодирлар жўнатилди. Кейинчалик уларнинг ўрнига замонавий ҳарбий марказлар қурилади ва лозим ўқув жиҳозлари билан ҳам таъминланади. Тожикистон Мудофаа вазирлигининг тажрибали мутахассисларидан ташкил топган инструкторлар ўз фаолиятларини ҳам бошлаб юборишди," деб айтган вазирликдаги манба.

Рашт водийсидаги вазият 19 сентябрда Камароб дарасида ҳукумат кучлари карвонига қарши уюштирилган пистирма ортидан ёмонлашиб кетганди.

Ушбу ҳодисада ўттизга яқин ҳукумат аскарлари ва зобитлари қурбон бўлишганди.

Айни пайтда Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, Раштдаги ҳарбий амалиётлар ҳануз давом этмоқда.

Тожик ҳарбийларининг жорий пайтда олиб бораётган амалиётлари Камароб дарасида яширинган икки ноқонуний қуролли гуруҳни йўқ этишга қаратилган.

Ҳар бири йигирматача жангаридан ташкил топган бу икки қуролли гуруҳга бирлашган тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондонларидан Мулло Абдулло ва Али Бедаки лақаби остида танилган Аловиддин Давлатовларнинг бошчилик қилишлари айтилади.

Ушбу ҳарбий амалиётлар қарийб 2 ойдан буён давом этиб келади.

Тожикистон ҳукумати ўз ҳарбийлари карвонига қарши уюштирилган ҳужумларда Мулло Абдулло дохил бирлашган тожик мухолифатининг бир қатор собиқ дала қўмондонларини айблайди.

Рашт водийсидаги аҳволга тўхталаркан, Тожикистон Ички ишлар вазири яқинда берган матбуот анжуманида вазият буткул назорат остида эканлигини айтганди.

Масъуллар Камароб дарасида олиб борилаётган ҳарбий амалиётларнинг ноябр ойи бошларига келиб якун топишига умид қилаётганларини ҳам билдиришганди.

Расмий манбаларда Рашт водийсидаги ноқонуний қуролли гуруҳ аъзоларининг сони уч юздан ортиқ экани айтилади.

Қатор маҳаллий кузатувчилар тожик раҳбарининг яқинда жангариларга авф таклифи билан чиқишига олиб бораётган ҳарбий амалиётларида жиддий ютуққа эришолмаётганлари сабаб бўлганини ҳам айтишганди.