Покистон ва Туркманистон Марказий Осиё Минтақавий Иқтисодий Ҳамкорлик Лойиҳасига қўшилди

Image caption Марказий Осиё Минтақавий Иқтисодий Ҳамкорлик Лойиҳаси доирасида Ўзбекистон дохил ўнта давлат ҳамда олтита халқаро ташкилот ҳамкорлик қилади

Покистон ва Туркманистон Марказий Осиё Минтақавий Иқтисодий Ҳамкорлик Лойиҳасига аъзо бўлиб кирганлар. Бу ҳақда Лойиҳа аъзоларининг Манилада ўтаётган анжумани чоғида эълон қилинган.

1997 йилда таъсис этилган ушбу лойиҳа доирасида ҳозирда Ўзбекистон дохил Марказий Осиё ва минтақа атрофида жойлашган ўнта давлат ҳамда олтита халқаро ташкилот транспорт, энергетика ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорлиқ қилади.

Ушбу лойиҳа таркибида Халқаро Валюта Жамғармаси, Бирлашган Миллатлар Тараққиёт Дастури қатори Осиё Тараққиёт Банки ҳам бор. Биз Манилада ўтаётган анжуман иштирокчиси, Осиё Тараққиёт Банкининг Марказий ва Жанубий Осиё бўлими бош директори Хуан Миранда билан боғланиб, Туркманистон ва Покистонннинг Марказий Осиё Минтақавий Иқтисодий Ҳамкорлик Лойиҳасига аъзо бўлиши нимани англатади, деб сўрадик.

Хуан Миранда: Туркманистон - Марказий Осиё ўзагидир. Ушбу лойиҳага қўшилиш билан Туркманистон унинг аҳаммияти ҳамда иқтисодий ва энергетик қудратини оширади. Покистон эса ушбу энергия тизимининг бошқа учида жойлашган. Покистонда денгизга чиқиш йўллари ва бандаргоҳлар бор. Албатта, жаҳон бозорига чиқувчи бошқа йўллар ҳам бор. Айтайлик Россия ва Хитой орқали. Лекин, Туркманистон ва Покистоннинг Марказий Осиё Иқтисодий Ҳамкорлик Лойиҳасига қўшилиши ушбу лойиҳадаги каму кўстларни тўлдиради. Уларнинг лойиҳага қўшилишини унга аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотлар катта хурсандчилик билан қарши олишди. Мен бундан жуда ҳам мамнунман. Чунки, жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Марказий Осиё минтақаси учун янги имкониятлар очилмоқда. Албатта, Покистон портларига чиқиш бирданига амалга ошмайди. Биз сабр-тоқат билан ўзаро савдо-сотиқни ривожлантиришимиз ва чегаралараро савдони енгиллаштиришимиз лозим бўлади.

Би-би-си: 30 йилдан буён уруш гирдобидан чиқа олмаётган Афғонистон ва унга қўшни Покистон Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликдан қандай наф кўриши мумкин деб ўйлайсиз?

Хуан Миранда: Бу фойдалар турли шакл ва шамоилда бўлади деб ўйлайман. Афғонистон Марказий Осиё энергиясини дунё бозорига олиб чиқишда муҳим транзит мамлакатига айланиши ва бундан даромад кўриши мумкин. Покистонда эса, улкан электр ва газ тақчиллиги мавжуд. Айни муаммоларни Исломобод Марказий Осиёдан келадиган электр ва газ ҳисобига ечиши мумкин бўлади.

Би-би-си: Марказий Осиё давлатлари ўзаро иқтисодий келишмовчиликларни ҳам эта олмаётган пайтда қандай қилиб минтақага қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қила олади деб ўйлайсиз? Бу қанчалар ҳаққоний?

Хуан Миранда: Марказий Осиё жумладан Афғонистон бир пайтлар ажойиб заминлар бўлган. Бу заминда буюк маданият ва салоҳият эгалари яшашган. Бу заминда савдо-сотиқ қила оладиган, маҳсулот ишлаб чиқара оладиган халқлар яшашган. Бу масалаларда уларга ўз даврида дунёнинг бирорта халқи етиша олмаган. Демак, бунёдкорлик бу минтақада ҳамиша бўлган. Ўтган йилнинг ўзида Марказий Осиё инфратизилма ва энергия лойиаҳаларига Осиё Тараққиёт Банки дохил халқаро ташкилотлар 13 миллиард доллар сармоя киритди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонни жаҳон бозорига олиб чиқувчи йўллар қурилишда давом этмоқда. Бу минтақа давлатларининг ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр экаини кўрсатади. Сиёсий қийинчиликлар сақланиб қолаётгани рост. Лекин, айтингчи, дунёнинг қайси минтақасида бундай қийинчиликлар йўқ?!

Би-би-си: Лекин, оддий муаммолар ҳам ҳал этилмаяптику. Мисол учун, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сув муаммолари ечимини топишда уларга ёрдам беришга ҳаракат қилдингизми?

Хуан Миранда: Албатта, улар ҳамкорлик қилишаяпти. Мана ҳозиргина Манилада минтақа давлатлари вазирларининг саммити охирига етди. Ушбу саммитда жуда ҳам очиқ суҳбат ва баҳслар бўлди. Сув муаммоси эса, нафақат Марказий Осиёда балки бутун дунёда кузатилаяпти. Сув - маҳсулот ишлаб чиқаришга, шаҳар аҳолиси ҳаётига ва энергетика соҳаларига таъсир қилади. Марказий Осиёда сув тақчиллиги аслида йўқ. Фақат уни тақсимлашда минтақа давлатларидан ўзаро тушуниш талаб қилинади. Ушбу қимматбаҳо манбадан фойдаланишда аниқ ҳужжатлар имзоланиши керак. Мен минтақа давлатлари бу муаммоларни албатта ечишади деб ишонаман.

Би-би-си: Тожик ёки ўзбек томони Роғун ГЭСини қуриш масаласида Осиё Тараққиёт Банки фикрини сўрашдими?

Хуан Миранда: Йўқ, сўрашгани йўқ. Роғун лойиҳаси 50 йилча олдин ишлаб чиқилган ва уни қуриш учун миллиардлаб доллар талаб қилинади. Тожикистон мулозимлари ҳозирда ушбу лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганишаяпти. Тожикистон биздан бу масалада ҳеч нарса сўрашгани йўқ, лекин Жаҳон Банки ва бошқа халқаро ташкилотлар Роғуннинг атроф муҳитга таъсирини ўрганаяпти.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124