Тожикистонда январдан бошлаб жамоат жойларида чекиш тақиқланади

Чекаётган одам
Image caption Қонун амалга тадбиқ этилгандан сўнг чекувчилар фақат махсус мўлжалланган жойларда чекишларига тўғри келади

Тожикистон парламенти вакиллар палатаси "тамаки маҳсулотларидан фойдаланишни чеклаш" ҳақида қонун қабул қилган.

Янги қонун мактаб, шифохона, аэропорт, вокзал, санатория, спорт ва маданий иншоотлар ҳамда жамоат транспортларида, шунингдек, мулк шаклидан қатъий назар корхоналарда тамаки маҳсулотлари сотиш ва чекишни тақиқлайди.

Қонун 2011 йил 1 январдан бошлаб кучга кириши айтилган. Қонун амалга тадбиқ этилгандан сўнг чекувчилар фақат махсус мўлжалланган жойларда чекишларига тўғри келади.

"Тамаки маҳсулотлари мактаб, боғча, шифохона ва бошқа таълим даргоҳлари ҳамда тиббиёт муассасаларидан 100 метр масофадан яқин бўлган ҳудудда сотилиши маън этилади", дейди Тожикистон Адлия вазири биринчи ўринбосари Абдужаббор Қодиров.

Чекувчилар учун махсус жой ажратмаган ва ё таъқиқланган ҳудудларда чеккан кишиларга жарима солинади.

Қонунни бузган жисмоний шахслар тахминан 40 доллардан 120 долларгача, юридик шахслар эса, 2 минг долларгача жаримага тортилишлари мумкин.

Қонун 2011 йил 1 январдан бошлаб кучга кириши айтилган.

Чекишга қарши кураш масаласида чиқиш қилган депутат Жумабой Сангинов ҳозирги кунда Тожикистонда чекувчилар сони қанча экани аниқ эмаслигини айтди.

"Тамаки маҳсулотларини чекиш билан кураш тажрибаси шуни кўрсатадики, асосан уч усул, жумладан тушунтириш, тақиқлаш ва савдода чеклов ўрнатиш лозим. Бу борада давлат тизимлари билан бирга жамоатчиликнинг ўзи ҳам фаол иштирок этиши лозим", дейди жаноб Сангинов.

Июл ойининг охирларида мамлакат Президенти Имомали Раҳмон барча давлат ва нодавлат муассасаларида тамаки маҳсулотларини сотиш ва чекишга чеклов жорий этиш ҳақидаги ташаббус билан чиққанди.

Тожикистонда сигаретадан кўра носвой чекиш кўпроқ оммалашган. Кучга кириши айтилаётган қонунда бу жиҳатга ҳам эътибор қаратилгани айтилса-да, аксарият носвой чекишни исбот қилиш қийин эканини урғулайди.