'Самарқандда тожикистонлик аёлларни ҳибсда тутиб туришипти'

Image caption Ноябр ойи бошидан Ўзбекистон "Саразм-Жартепа" божхона-назорат нуқтасини ёпиб қўйди

Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида ҳужжатлари олиб қўйилиб, бир неча кун муваққат тутқунгоҳда ушлаб турилган тожикистонлик аёлларнинг беш нафари ўзлари яшайдиган Панжакент туманига қайтиб келишган.

Лекин қолган аёллар ҳали-ҳамон Тожикистонга қайтарилмаган.

Тожикистон божхона мулозимларининг айтишларича, панжакентлик саккиз аёл сентябр ойидан буён ўзбекистонлик милиция мулозимлари томонидан ушланиб, қамаб қўйилган.

Аёлларга чегарадан ноқонуний ўтиш айби қўйилган.

Лекин аёлларнинг қўлида Самарқанд вилоятидан келган чақириқ шошилинчномалари бўлган ва улар ана шу чақириққа кўра қўшни мамлакатга сафарга отланишган.

Самарқанддан қайтиб келган аёллардан бири Қандолат Шералиева Панжакентнинг Сўжина қишлоғида яшайди.

У Самарқанд шаҳридаги қариндошларидан келган шошилинчнома асосида йўлга чиқади.

Лекин "Саразм-Жартепа" божхона-назорат ўтказиш нуқтасидан ўтиши билан ўзбек милиция мулозимлари уни қалбаки шошилнчнома асосида ўтишда айблашган.

Аёлнинг ҳужжатлари тортиб олинган ва тўрт кун давомида Самарқанддаги муваққат тутқунгоҳда ушлаб турилган.

Шундан сўнг у қўйиб юборилган.

Лекин ҳужжатлари олиб қўйилгани учун ҳеч қаерга кета олмасдан, Самарқанддаги қариндошлариникида яшашга мажбур бўлган.

Орадан қирқ кун ўтгач, Шералиевага ҳужжатлари қайтариб берилган, лекин унинг паспортига чегарадан ўтиш тартибини бузгани учун Ўзбекистондан чиқариб юборилгани қайд этилган.

Самарқанддан қайтиб келган аёлларнинг яна бири Сўжина қишлоғидан, қолган уч нафари эса Панжакент шаҳрининг ўзидан.

"Панжакентликлар Самарқандга қариндош-уруғлари тўй-томоша қилганда ё дунёдан ўтганларида боришади, Бизга Хўжанд ва Душанбе узоқ бўлганлиги учун Самарқанддаги шифохоналарга даволаниш учун борадиган одамларимиз ҳам кўп. Энди бир ўзингиз тасаввур қилинг - қўшни мамлакатга шифо топиш учун бораётган одам чегарани бузишда айбланиб қамаб қўйилади", дейди панжакентлик журналист Шоҳин Облоқулзода.

Зарафшон водийси туманлари бўйича божхона хизмати бошлиғи Исрофил Исмоиловнинг айтишича аслида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги келишувга мувофиқ панжакентликлар чегарадош туманда яшайдиган кишиларга берилган имтиёзга кўра Самарқанд вилоятининг қўшни туманларига ҳеч қандай визасиз ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.

"Лекин Ўзбекистон томони бу келишувга кўз юмган ҳолда чегарадан ўтишни фақат шошилинчнома асосига ўтказди. Бунинг ўзиёқ инсон ҳуқуқини топташ деб ўйлайман", дейди Исрофил Исмоилов.

Ноябр ойининг бошидан Тожикистоннинг Суғд ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятларини туташтириб турувчи ягона чегара-назорат ўтказиш маскани Ўзбекистон томонидан бутунлай беркитиб қўйилди.

Ҳозирда "Жартепа-Саразм" деб аталадиган бу маскандан на одамлар, на юк ўтказилмаётир.

Тожикистон божхоначиларининг айтишича, Оврўпо мамлакатларидан келган кишилар ҳам чегарадан ўтказишмагач, ортларига қайтиб кетишган.