Ўзгандаги боғча ҳудудидан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар топилган

Image caption Масъулларнинг қидирув амалиётлари давом этмоқда

Қирғизистоннинг асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи жанубий Ўш вилоятининг Ўзган шаҳридаги болалар боғчаси ҳудудидан иккита қурол-яроғ ва ўқ-дорилар яширилган жой топилган.

Бу ҳақда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати маълум қилган.

Расмий маълумотларга биноан, "Булбулча" номли болалар боғчасидаги яширин бир ердан аввалига 12 калибрли милтиқ, унинг тўртта патрони, учта ханжар ва иккита темир тўқмоқ топилган.

Болалар боғчасини қидириш давомида аниқланган яна бир пана жойдан етти шиша ёндирувчи модда, мих қоқиб тўлдирилган ва фойдаланишга тайёр қилинган 60 дона қўлбола қурол чиққан.

Масъулларга кўра, мазкур моддаларни яширилган жойларидан олиб чиқиш учун мамлакат Мудофаа вазирлигининг сапёр қисмлари жалб этилган.

Уларнинг айтишларича, тинтув жараёнида топилган ашёвий далиллар бўйича тегишли баллистик ва техник текширувлар ўтказишга ҳам қарор қилинган.

Шу билан бирга, Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларни махфий ҳолатда сақлаган шахсни аниқлашга ҳаракат қилишмоқда.

Масъулларнинг Ўзган шаҳрида яширилган қурол-яроғ ва ўқ-дориларни қидиришга қаратилган махсус амалиётлари давом этаётгани айтилади.

Қирғизистоннинг жанубий Ўш вилояти ўтган июн ойида қақшатқич миллий низоларга саҳна бўлганди.

Юз берган қонли тўқнашувларда юзлаб аҳоли қурбон бўлган, кўплаб уй-жой ва бизнеслар вайрон бўлганди.