Мисрдаги Исломий мактабларда ўқиётган талабалар ортга қайтарилди

Душанбе аэропорти
Image caption Ота-оналар фарзандларини ташқарига чиқишларини тушгача пойлашди.

Миср Исломий таълим даргоҳларида ўқиётган тожикистонлик ўқувчи ва талабаларнинг навбатдаги гуруҳи-камида 100 нафар киши ватанга қайтарилган.

Ўқув йили ўртасида таълим дастурида узилиш пайдо қилиб қайтарилган талаба-ёшларнинг ота-оналарига кўра, мазкур амал Тожикистон ҳукумати буйруғи билан элчихона томонидан амалга оширилган.

Талаба-ёшлар Душанбе аэропотида қарийб 2-3 соатлик суҳбатдан ўтказилган. Бир қатор кузатувчилар ушбу тадбирни босим сифатида талқин қилишган. Мисрга қайтарилиш умиди

Миср талаба-ёшлари учоқдан тушганларидан сўнг улар суҳбат тушгача давом этди. Шу сабабдан ота-оналар фарзандларини ташқарига чиқишларини тушгача пойлашди.

Мисрдан қайтган яқинларини кутаётган кишилар мамлакатнинг турли қисмларидан келишганди.

Файзободлик Эшони Умар икки фарзанди Мисрда ўқиб келганлигини айтади. 28 ёшли Қори Ҳикматулло икки ярим йилдан буён Мисрдаги Ал-Азҳар мадрасасида таълим олаётган экан. Қизи эса, Мисрда ҳаммаси бўлиб тўрт ой таълим олганидан сўнг қайтарилмоқда экан.

-Улар Қуръон тафсири, араб тили, инглиз тилини ўрганаяптилар. Яна компютерни ўрганаяптилар. Улар ўз давлатимиз равнақи йўлида ўқияптилар. Токи, одамлар маърифатли бўлишсин ва ватанни обод қилишсин. Лекин, нима булдики, талабаларни уйларига қайтариш ҳақида буйруқ берилди. Улар эса, таълимни белгиланган даражада олишни исташади. Масалан, ўглим яна 3 ярим йил ўқиши керак эди,-дейди Эшони Умар.

Ота Тожикистоннинг Мисрдаги элчихонаси у ердаги талаба ёшларни тўплаб мажлис ўтказганини айтади. Унга кўра, бу тадбир ҳукумат топшириғи билан амалга оширилмоқда. Ота Тожикистонда маълум расмиятчиликлардан сўнг болалари яна Мисрга қайтарилишига умид билдиради.

Image caption Мисрдан қайтарилган талаба-ёшларнинг бир қисми вояга етмаган болалардир. 14 ёшли мана бу бола ҳам Мисрдан қайтарилди

Панжакентдан келиб фарзандини кутиб олаётган Холмаҳмад Норов ўгли Парвиз икки йил муқаддам ўз хоҳиши билан Мисрга жўнаганлигини айтади. Маълум бўлишича, Парвизнинг йиллик таълими учун пул тўланган экан. Холмаҳмад Норов боласининг қайтарилиши фақат моддий эмас, балки маънавий томондан ҳам зарар эканини айтади.

-У ўқишини давом эттириши, ярим йўлда колмаслиги керак. Ўғлим у ерда қизиқиш билан илм ўрганаётган эди. Араб ва урду тилларини ўрганаётган эди. Унинг барча ҳаракатлари таржимон бўлишга қаратилганди,-дейди Холмаҳмад Норов.

Ота-оналар ҳадик билан гапиришарди.

Гарчи, ўзаро суҳбатларида улар фарзандларининг мажбуран ортга қайтарилаётганларини таъкидлашса-да, микрафонда бу фикрни айтишдан сақланишарди.

"Ҳукумат фармонига биноан" деган бошқача кўриниш беришади жумлаларига. Бирин-кетин ичкаридан чиқаётган талабаларнинг ўзлари саволларимизга жавоб беришни исташмади. Мазкур қарор олинишига сабаб нима?

Тожик ёшлари кўпроқ Исломий давлатлардаги диний мадрасаларда, хусусан, Миср исломий таълим даргоҳларида ўқишларини ота-оналар айни мамлакатларда ўқиш нархи арзонроқ ва яшаш енгилроқ эканлиги билан изоҳлашади.

Лекин, таълим учун тўланадиган йиллик тўлов қанча эканлигини ҳеч ким айтмади.

Мисрдан қайтганларнинг бир қисми вояга етмаган болалар. Ота-оналарнинг айтишларича, кўп ҳолларда болалар 6 ёшдан ўқишга қабул қилинадилар. Болаларнинг ўқиши ва моддий таъминоти эса, бепул эканлиги айтилади.

-Ҳукумат маслаҳатчилари хорижда ё террорчи тайерланади ва ё мамлакатга мувофиқ келмайдиган салафия ёки Ҳизбут-таҳрир каби оқимларга қўшилиб кетадилар, дея тушунтиришгандир, дейди 10 ёшли ўғли Тожикистонга қайтарилганини айтган Саидумар Ҳусайний.

Image caption Саидумар Ҳусайнийнинг 10 яшар ўғли ҳам қайтарилди

Саидумар Ҳусайний қайтиб келаётган ёшлар тақдиридан хавотирини билдиради.

-Ўқув йилнинг ўртасида улар қайси таълим даргоҳларига кабул қилинадилар, диний таълим даргоҳларимиз кам, агар бу ерда ўқишга ота-оналар қаноат қилишганда фарзандларини хорижга жўнатмас эдилар, - дейди у.

Саидумар Ҳусайний Исломий давлатда диний таълим олаётган ёшларнинг ортга қайтарилганига бошқа сабаб ҳам бўлиши мумкинлигини айтади:

"Тожик халқи, хусусан, ёшларнинг диний тарбияси ва диний савияси юқорилаб бораётган экан, улар қайтгач, бу ерда яна кўплаб кишиларга диний таълим бериши мумкин. Буни ҳукуматимиз ўзи учун хатар деб кўрмоқда", деди Саидумар Хусайний.

Мисрда аниқ қанча сонда тожикистонлик ўқиши маълум эмас. Душанба куни қайтганлар сони тахминан 100 дан 200 нафаргача дейилади. Улар бепул тарзда олиб келингани маълум. Аниқроғи, ўтган ҳафта Саудия Арабистонига ҳаж сафарига жўнаган тожикистонликларни олиб учган учоқда қайтарилган... Тожикистон ҳукумати қошидаги диний қўмита мулозими Идибек Зиёевнинг маълум қилишича, бунгача ҳам Исломий мамлакатларда таълим олаётган ўқувчи-талабаларнинг бир қисми қайтарилган ва жараён давом этмоқда. -Исломий давлатларда диний таълим даргоҳларда ўқиётганлар 1000 нафар атрофидадир. Улардан 400дан ортиқроғи ватанга аллақачон қайтарилган. Жараён давом этмоқда. Қайтарилган талаба-ёшлар Тожикистондаги диний ва дунёвий таълим даргоҳларида ўқишларини давом эттиришлари мумкин, - дейди мулозим.

Август ойи охирларида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги оилаларни хориждаги мадрасаларда таълим олаётган фарзандларини ватанга чақириб олишга ундаганди.

"Мен сизлардан фарзандларингизни ортга чақиришларингизни сўрамоқчиман, чунки бу мактабларнинг аксари диний мактаблар эмас. Болаларингиз экстремист ва террористларга айланади ва келажакда Тожикистоннинг душманлари ва сотқинга айланадилар," - деб айтганди Президент.