Қирғизистон президенти 'Йилнинг энг буюк аёллари' рўйхатида

Америкада чоп этилувчи нуфузли Glamour журнали Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевани "Йилнинг энг буюк аёллари" рўйхатига киритган.

Халқаро журналнинг рўйхатидан жами 18 давлатнинг аёл раҳбарлари ўрин олган.

Уларнинг орасида яна Олмония канцлери Ангела Меркел, Аргентина, Либерия, Коста Рика президентлари, Словакия, Бангладеш, Австралия Бош вазирлари ва яна бошқа аёл лидерлар бор.

Журнал рўйхатдаги раҳбарларни, "Дунёнинг энг буюк аёллари," деб атаган.

"1990 йилдан бошлаб, дунёда аёл лидерларнинг сони икки баробарига ортди. Худога шукрлар бўлсин, чунки аёл раҳбарлар тарих ғилдирагини нафақат дунё аҳолисининг нозик қатлами, балки ҳаммамиз учун ҳам ўзгартиришади," деб ёзади Glamour.

Glamour журнали 1939 йилдан бошлаб чоп этиб келинади.

Журнал Американинг ўзида 2.5 миллионга яқин ўқувчисига эга.

Glamourни бутун дунё бўйлаб ойига 12 миллион киши ўқийди.

Журнал, шунингдек, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Италия, Олмония, Испания, Россия, Юнонистон, Ҳолландия, Польша, Венгрия, Руминия, Лотин Америкаси давлатлари ва Жанубий Африкада ҳам нашр этилади.

59 ёшли дипломат Роза Ўтинбоева шу йилнинг апрелида президент Қурманбек Бакиевни ҳокимиятдан четлатган ҳодисалар ортидан қудратга келганди.

Унинг ҳокимиятга келишидан қисқа вақт ўтмай, Қирғизистон жанубида келиб чиққан миллий низоларда юзлаб кишилар ҳаётдан кўз юмишганди. Уларнинг аксарияти ўзбеклар экани айтилади.

Кўплаб кузатувчиларга кўра, юз берган қонли ҳодисаларга ўша пайтда Қирғизистоннинг муваққат президенти бўлган Роза Ўтинбоеванинг мамлакат жанубида ўз назоратини ўрната олмагани ҳам сабаб бўлган.

Қонли зўравонликлардан бир ой ҳам ўтмай, Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти сифатида қасамёдга келтирилган Ўтинбоева хоним мамлакат жанубида юз берган қонли фожеа оқибатларини тезроқ бартараф этиш учун қўлидан келган барча чораларни кўришга ваъда берганди.

Қирғиз раҳбари, шунингдек, мамлакат конституциясини ҳурмат қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга ҳам сўз берганди.

Аммо орадан беш ой ўтиб ҳам, Ўтинбоева хоним ҳали-ҳануз Қирғизистон жанубига халқаро полиция кучларининг киритилишига муваффақ бўлган эмас.

Маҳаллий аҳоли ҳамон минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва қонли низолар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят этиб келишади.