ОХҲТ: "Қирғизистонга полиция кучлари киритиш режаларидан воз кечмадик"

Image caption ОХҲТ Бошқарувчи раиси ташкилот Қирғизистон жанубига халқаро полиция маслаҳат кучларини киритиш режаларидан воз кечмаганлигини айтмоқда.

ОХҲТнинг Бошқарувчи раиси Марк Пера до Биршамбо ташкилотнинг Қирғизистондаги этник можаро мобайнида тутган роли ҳақидаги танқидларга жавоб берар экан, мамлакатга халқаро полиция кучларини киритиш каби мураккаб масала ташлаб қўйилмганалигини билдирди.

Жанубий Қирғизистонда рўй берган қонли зўравонликлар чоғи Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва унга президентлик қилган Қозоғистон ҳеч иш қилмай, қўл қовуштирганча томошабин бўлиб турди, деган танқидлар кўп янграганди.

Ўшга сентябр ойида киритилади, дея эълон қилинган ташкилот ҳомийлиги остидаги халқаро полиция назорат кучлари ҳануз етиб келмаган.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Марк Пера до Биршамбо ОХҲТ халқаро полиция назорат кучларини киритиш режаларидан воз кечилмаганлигини маълум қилди.

"Биз полиция кучларини жойлаштириш учун Қирғизистон дохил 56та давлат розилигини олишга муваффақ бўлдик. Кейин биз жанубий Қирғизистондаги мавжуд мураккаб ва қийин воқеликни инобатга олишимиз даркор эди. Аммо шунга қарамай, биз умид узганимиз йўқ. Ҳамон гуруҳни ташкил қилиш режаси ўз ҳолича турибди. Мана бугун ҳам юқори мартабали мутахассисларимиз Бишкекда музокаралар олиб боришмоқда ва режамизни қабул қилишлари йўлида ҳаракат қилаяпмиз. Айни дамда янги парламент йиғилмоқда. Бизнинг самарали ишлашимиз қатнашчи давлатлар қанчалик қатъий иш олиб бориши ва беқарор ҳудудларда ишлашнинг нозик жиҳатларига боғлиқ", деди ОХҲТ Бошқарувчи раиси.

ОХҲТга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари июн ойидаги хунрезликлар ортидан Қирғизистон жанубига полиция-маслаҳат гуруҳини киритишга қарор қилган эди.

52 кишидан иборат қуролсиз полициячиларнинг сентябр ойи бошида Қирғизистонга етиб бориши ва тўрт ой муддатга жойлаштилиши айтилганди.

Август ойида эса швецариялик дипломат, собиқда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги идорасига раҳбарлик қилган Маркус Мюллер ОХҲТ полиция-маслаҳат гуруҳига раҳбарлик қилиши маълум қилинди.

Лекин Бишкек ва Ўш шаҳарларида Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти полиция кучларинининг мамлакатга киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

намойишчилар "Қирғизистон халқи ташқи кучларга қарши", "ОХҲТ полициячилари - ташқи таҳдид", "Биз Косово сценарийцсига қаршимиз" шиорлари остида чиқишганди.