Қирғиз раҳбари коалиция тузишни Социал Демократларга топширди

Image caption Ўтинбоева хоним ўзи чиққан партияга коалиция тузиш ваколатини берган

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Роза Ўтинбоева коалиция тузиш ваколатини Қирғизистон Социал Демократик партиясига топширган.

Мамлакат конституциясига мувофиқ, агар сайловларда партиялардан бирортаси парламентдаги ўринларнинг ярмидан кўпроғини қўлга кирита олмаса, президент улардан биттасига коалиция тузишни таклиф этишга ҳақли бўлади.

Президент томонидан коалиция тузиш ваколати берилган партия 15 иш кунида Бош вазирликка номзодни ҳам илгари суради.

Ўтинбоева хонимнинг ўзи Социал Демократик партия аъзоси бўлган ва Қирғизистон муваққат президенти бўлиши ортидан шу йилнинг май ойида партия сафларидан чиққан.

Қирғизистон парламенти воизи вазифасини вақтинчалик бажариб турган "Ата Мекен" партияси депутати Ташполот Балтабаевнинг айтишича, ҳозир коалиция тузиш масаласи юзасидан маслаҳатлар кетмоқда.

Жаноб Балтабаевга кўра, коалиция таркиби аниқ бўлиши билан, депутатлар парламент воизини танлаб, янги ҳукумат тузиш ишларига киришишади.

Президент матбуот хизматининг айтишича, агар Социал Демократлар парламентда коалиция тузишга муваффақ бўлишмаса, ушбу вазифа "Ата Мекен" партиясига юкланади.

Роза Ўтинбоевага кўра, сўнгги сайловлар ортидан парламентга кирган барча партиялар билан келишга ҳолда бу каби қарорга келган.

Қирғизистон Жокоргу Кенешининг биринчи мажлиси кеча иш бошлаганди.

Парламент республикаси бошқарувига ўтилган республика Жокоргу Кенеши сайловда кўп овоз тўплаган беш партия аъзоларидан таркиб топган.

Уларнинг орасида "Ата Журт", "Ар-Намис", "Республика", "Ата Мекен" ва СДКП партиялари бор.

Қирғизистон расмийларига кўра, мамлакатда президентлик бошқаруви ўзини оқламади ва шунинг учун парламент бошқаруви жорий этилиши керак.

27 июнда Қирғизистонда умумхалқ референдуми ана шу мақсадда ташкил этилганди.

Бироқ мамлакатда юз берган икки рангли инқилоб туфайли қудратдан кетказилган собиқ президентлар Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳам парламент бошқаруви самарасига шубҳа билдиришди.

Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги мамлакатлардан биронтаси шу вақтгача парламент республикаси тизимига эга бўлмаган, бу мамлакатлар кўпда ўта марказлашган, қудрат асосан бир шахснинг қўлида мужассамлашган президентлик тизимларини афзал кўрадилар.