АҚШ қўшинлари учун Қозоғистон янги ҳаво йўлини очиб бермоқчи

АҚШ ва Қозоғистон ўртасида Афғонистонга ҳаво йўли тўғрисида янги қўшимча шартнома имзоланган.

Янги келишув Америка ҳарбийларининг Афғонистонга шахсий таркиб ва қурол-яроғ етказиш масаласида вақт ва маблағларини тежаши айтилади.

Мазкур ҳужжат Қозоғистоннинг Афғонистонга ҳарбий мутахассислар юбориш қароридан кўп ўтмай имзоланган.

12 ноябрь куни Вашингтонда АҚШ давлат котибининг ҳарбий сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Эндрю Ж. Шапиро ва Қозоғистоннинг ушбу давлатдаги элчиси Ерлан Идрисовлар имзолаган ушбу келишув икки давлат президентларининг ташаббуси натижаси бўлган.

2010 йилнинг 12 апрелида учрашган икки давлат президентлари Барак Обама ва Нурсултон Назарбоев АҚШдан Афғонистонга шимолий қутб орқали учиш имкониятларини муҳокама қилган эди.

Шу пайтгача АҚШ учоқлари бирмунча узоқ бўлган Оврўпо орқали АФғонистонга келади.

-Ушбу келишув ортидан шахсий таркиб ва коалицион кучларга зарур қурол-яроғни манзилга етказиш вақти ва маблағи тежалади, дейди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матубот котиби Иляс Омаров.

Келишувда қанча вақт ва маблағ тежалиши ҳамда Қозоғистон кўрадиган фойда ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Шартнома президент Назарбоевнинг Афғонистонга ҳарбий мутахассисларни юбориш қарори ортидан янграмоқда.

Америка бошчилигидаги НАТО кучлари Қозоғистондан Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда иштирок этишни бир неча йилдан бери сўраб келади.

НАТО билан яқин ҳамкорлик қилишдан ташқари, Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қошидаги тезкор ҳаракат қилувчи коллектив кучларнинг фаол аъзоси бўлган Қозоғистон ушбу таклифларга муносабат билдирмай келаётган эди.

Бундан ташқари Қозоғистон 2009 йилнинг феврал ойида АҚШга қуруқлик орқали Афғонистондаги амалиётларга ҳарбий бўлмаган юкларни олиб ўтиш ҳуқуқини берганди.

АҚШ Қозоғистонга энг кўп сармоя киритган ҳамкор давлатлардан ҳисобланади.

Кузатувчилар Қозоғистоннинг ҳарбий соҳадаги яқинликларини иқтисодий алоқалардан келиб чиқиш билан биргаликда қудратли қўшниси бўлган Россия таъсири остига тушиб қолмаслик учун ҳам амалга оширади, дейишади.