Мулло Умар: Толибон Афғон ҳукумати билан тинчлик музокараларига қарши

Image caption Толибон раҳбари Мулла Умар Покистон ҳудудида яширинаяпти деб кўрилади

Толибон раҳбари Мулла Умар ҳаракати афғон ҳукуматининг тинчлик музокараларига қарши мавқеъда қолишини айтган.

Толибон раҳбари Мулла Умар Қурбон Ҳайити муносабати билан эълон қилган йиллик мурожаатида айтишича, жанг майдонида мағлуб бўлаётганликлари учун душманлари тинчлик музокараларига оид ёлғон-яшиқ гапларни тарқатишмоқда.

"Душман мағлуб бўлаяпти ва кунма-кун мамлакатнинг барча қисмида қуршаб олинаётгани билан юзма-юз келаяпти. Босим кўпайиб бораётганидан тинчлик мулоқотлари ҳақидаги ёлғон-яшиқ хабарларни тарқатаяптилар", дейилади Мулла Умар баёнотида.

Покистонда яширинаяпти деб кўриладиган Толибон раҳбари Мулла Умар "бизнинг нажотимизнинг ягона йўли қуролли жиҳод" деб айтган.

"Масаланинг ечими хорижий қўшинларни олиб чиқиб кетишда ва мамлакатда Исломий ва мустақил тизимни барпо этишда", деб айтган у.

Шунингдек, Мулла Умар Ҳомид Карзай маъмурияти билан бирга ишлаётган собиқ жиҳодий раҳбарларга мурожаат этган, уларни ўзларининг ишғолчиларга қарши курашларига қўшилишга даъват этган.

"Сизнинг (Шўролар Иттифоқига қарши) 14 йиллик жиҳодингиздан кўзланган мақсад россияликлар ўрнини америкаликларга алмаштириш эдими?", дея савол берган Толибон раҳбари.

Толибон ҳаракати изчил равишда хорижий кучлар Афғонистонни тарк этишмас экан, ҳеч қандай музокараларга бормаслигини айтиб келади.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай эса зўравонликлардан тийилиб, афғон конституциясини тан олишса ва "Ал-Қоида" билан алоқаларини узишса, исёнкорлар билан музокараларга боришларини айтади.

Бироқ айрим Толибон аъзолари афғон ҳукумати билан мулоқотларга боришган.

Ғарблик дипломатлар эса икки ўртада олиймақом музокаралар бўлиб ўтганига оид хабарларни тасдиқлашдан ўзларини тийишмоқда.

Ва Толибонни намоён этганликларини айтганлардан айримлари сохтакорлар ҳам бўлиб чиқишди, деб хабар қилади Би-би-сининг Кобулдаги мухбири.

Толибон раҳбарининг мурожаати НАТОга аъзо мамлакатлар раҳбарлари Лиссабонда йиғилиб, асосан Афғонистондаги вазиятни муҳокама этишга бағишланган учрашувларидан тўрт кун олдин эълон қилинган.