Тожикистон экологлари нега бонг уришмоқда?

Тожикистонлик экологларнинг хавотирлари нақадар асосли?
Image caption Тожикистонлик экологларнинг хавотирлари нақадар асосли?

Шимолий Тожикистон экологлари қўшни Ўзбекистондаги Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларидаги саноат корхоналари Тожикистоннинг чегарадош аҳоли манзиллари атроф-муҳитига зарар келтираётгани борасида иддао билан чиқишган.

Тожикистон экологлари ошиб бораётган кескинликни юмшатиш, экологик ҳолатни яхшилаш ва минтақа хавфсизлигини таъминлаш, низоли ҳолатларни ҳал этиш учун минтақавий комиссия ташкил этиш зарурлиги борасидаги таклифни ўртага ташлашган.

Айни бир пайтда Суғд вилоятидаги бир қатор жамоатчилик ташкилотлари мурожаат қабул қилиб, унда минтақа ва хусусан, Фарғона водийсида экологик муаммоларни ҳал этиш учун минтақа мамлакатларини ҳамкорлик ва музокара юритишга чақиришган.

Хавотирли чанг ва занг

Тожикистоннинг Суғд вилоятига қарашли Спитамен туманида жойлашган Ҳаштияк қишлоғида 2 минг нафардан кўпроқ аҳоли яшайди. Қишлоқ чеккасидан бир чақиримча юрсангиз, қўшни Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятига қарашли Бекобод шаҳрига етасиз.

Ҳаштиякликлар олдиндан Бекобод шаҳри аҳолиси билан борди-келди қилиб келишган. Қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги Бекободдаги цемент заводи, металлургия комбинати ва темир йўлда ишлаб келган.

Лекин, айни бир пайтда Тожикистон экологлари айни шу завод ва комбинатнинг Ҳаштияк ҳавоси ва сувини ифлослантираётгани борасида бонг уришмоқда.

Оддий ҳаштиякликлар эса, Бекобод цемент заводи ва металлургия комбинатининг қишлоқ муҳитига таъсири ҳақида турлича фикрдалар.

Қирқ ёшлардаги аёлнинг айтишича Бекободдан эсган шамол қишлоққа семент заводи чанг-тўзонини олиб келади. Кўз илғамас чанг томоқларни бўғади, аллергик (ёқмас) хасталикларни қўзғатади.

Манзура исмли қиз эса, қишлоқ ҳавосининг тозалигини, масалан, Хўжанд шаҳри ҳавосидан анчагина тозалигини айтди.

Ҳаштияклик бошқа бир аёл бундан уч-тўрт йил олдинги воқеани эслайди. Унинг айтишича ўшанда бир кечадаёқ мевали дарахтларнинг деярли ҳаммаси қуриб кетган. "Биз-га Бекободда қандайдир металл эритишгани учун шундай бўлди дейишганди", дейди аёл.

Ҳаштияк қишлоқ қўмитаси раиси Отабой Ҳакимовнинг айтишича Бекобод томон-дан эсаётган шамол сувни ифлослантирмоқда, мевали дарахтларга таъсир кўрсатмоқда.

"Металлзавод занги ҳам бизга етиб келган. Сувимизда занг бор", дейди Отабой Ҳакимов. Лекин у ҳалигача бирон киши сув ё ҳаво ифлосланиши натижасида хасталикка чалинмаганинини айтди.

Тожикистон ҳудудида қолган чиқиндихона

Суғд вилояти атроф-муҳитни асраш бошқармаси бошлиғи Саидамин Исомаддиновнинг айтишича, қўшни Бекобод ва Олмалиқдаги завод ва комбинатларнинг ҳавога чиқараётган чиқиндиларининг Тожикистоннинг чегарадош манзилларига таъсири хавотирланарли даражада:

"Норуда металлар заводи, семент заводи, металлургия комбинати, уларнинг карер-лари, вилоятимиз ҳудудида жойлашган чиқиндихоналари экологик талаботларга жавоб бермайди. Бекобод шаҳри саноат ишлоқлари чиқиндилари тўпланган умумий майдон 47 гектарни ташкил этади. Чиқиндиларнинг умумий ҳажми эса тахминан 7 миллион куб метрга яқин".

"Ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича шамол чанг-ғуборни Спитамен тумани манзилларига олиб келиб уради. Бу вазият Бекобод семент заводи иқтидорининг оширилаётгани билан ёмонлашади. У завод ёнида янгиси қурилаётир. У ишга тушса, ҳавонинг ифлосланиши кўпайиши кутилмоқда", деди сўзида давом этиб Саидамин Исомаддинов.

Жаноб Исомаддиновнинг айтишича, Бекобод билан чегарадош Тожикистоннинг аҳоли манзилларида ўтказилган текширишлар хавотирли натижаларни кўрсатган:

"Тожикистон ҳудудида, Ҳаштияк қишлоғида 15 ердан олинган, таркибида чанг бўлган ҳаво текшириб кўрилди. Ўн бир ҳолатда бир кеча-кундузлик чанг меъёри ортиқ эканлиги кузатилди. Бекобод шаҳри чиқинди ташлаш ери ҳам Спитамен тумани ҳавосига салбий таъсир кўрсатаётир. Бу манба бизнинг ҳудудимизда жойлашган бўлиб, 5 гектар ерни эгаллаган. Унга 1997 йилдан 2000 йилгача Бекобод шаҳри чиқиндилари келтириб таш-ланган. Чиқиндилар ҳажми 50 минг куб метрга яқин".

Саидамин Исомаддинов чиқиндилар зарарсизлантирилмагани ва ёпиб ташланма-гани тупроқ ҳамда ерости сувларинининг ифлосланишига олиб боришини таъкидлади.

Унинг айтишича айни шундай хавотирли вазият Олмалиқ билан қўшни Мастчоҳ туманида ҳам мавжуд:

"Мастчоҳ туманининг чегарадош ерларига салбий таъсир кўрсатаётган асосий омил Олмалиқ металлургия комбинати ва унинг чиқиндихоналари ҳисобланади. Натижада Мастчоҳ туманидаги чегарага яқин 1100 гектардан ортиқ экин ерининг 350 гектари ишдан чиққан".

Тожикистон экологларининг иддаоларича, Олмалиқ металлургия комбинати чиқиндихоналари яқинидаги сув таркиби текшириб кўрилганда мис, қўрғошин, қалай каби металлар мавжудлиги аниқланган. Сув таркибидаги аммиакли азотлар ва нитратлар меъёрдагидан уч бараваргача кўп чиққан. Тупроқ таркибини текшириш эса, ундаги турли металлар меъёрдагидан олти бараваргача кўплигини кўрсатган.

Иддаоми ё жавобий чора?

Бекободдаги металлургия комбинати муҳандисларидан бирининг айтишича бу комбинатнинг атроф-муҳитга келтираётган зарари кўпинча бўрттириб қўрсатилади. Ҳозирда комбинатнинг ҳавога чиқинди чиқаришини янада камайтириш учун замонавий мосламалар ўрнатилмоқда, деди муҳандис

Суғд вилояти санитария-эпидемология назорати давлат хизмати маркази бошлиғи муовини Насимжон Икромов фикрича эса, вилоятда қўшни мамлакат томонидан ифлосланаётган ҳаво таъсири остида пайдо бўлган беморликлар қайд этилмаган. Бу жойлардаги шифокорларнинг хасталиклар олдини олиш ё беморларни ўз вақтида даволаш учун қилаётган ҳаракатлари натижасидир.

"Лекин, чегарадош манзиллардаги ҳаво таркибида оксидкарбонат, оксиднитраген, олтингугурт чанги мавжуд", дейди Насимжон Икромов.

Тожикистон парламенти депутати Саидшо Ёқубов ўзаро айбловлардан атроф-муҳит тозалигича учун биргаликда курашиш тарафдори.

"Менимча, бир-биримизни айблаш билан иш битмайди. Юзага келган вазиятни яхшилаш учун халқаро тадқиқотчилар иштирокида ўзаро комиссия ташкил этиш зарур. Мустақил мутахиссислар мустақил тадқиқот иш олиб борганликлари яхши. Кўпинча баҳсли мавзулар келиб чиққанда, ҳар ким кўрпани ўз устига ёпишга уринади. Эртага бундай ҳолат келиб чиқмаслиги учун экологияга оид барча ҳужжатларни тайёрлаб, музокаралар юритиш зарур, дея ўйлайман". Депутат фикрича шикоятни айтавериш кўзланган натижага олиб бормайди.

"Муаммони ҳал этиш мақсадида албатта таклиф ҳам билдириш лозим. Бир-биримизнинг устимизга мағзава ағдариш билан масала ҳал этилмайди. Биз асрлар давомида Сирдарё ва Амударё сувини ичиб келганмиз. Мен ҳозирги тушунмовчиликлар вақтинча ва ўтиб кетади, деб ўйлайман", дейди Саидшо Ёқубов.

Тожикистондаги айрим кузатувчилар фикрича, Шимолий Тожикистоннинг чегарадош манзилларида атроф-муҳит ифлосланаётганида Ўзбекистонни айблаш қўшни мамлакатга нисбатан қўлланилаётган жавобий чорадир.

Олдинроқ, Ўзбекистон Тожикистондаги Турсунзода алюминий заводининг Сурхондарё вилояти атроф-муҳитига келтирган иқтисодий зарарлари ҳақидаги иддао билан чиққан эди.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124