Ўзбекистон "қамали" Роғун ГЭСи қурилишини секинлаштирмоқда

Тожикистондаги Роғун ГЭСи масъулларининг айтишларича, Ўзбекистон "қамали" туфайли ушбу ГЭСда қурилиш ишлари секинлашган.

Роғун ГЭСи бошлиғи Нурулло Шулашовга кўра, Тожикистон вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилгани сабабли Роғун ГЭСи қурилиши учун зарур бўлган тажҳизотлар келтирилмаётир.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Тожикистон ҳукумати эҳтиёт қисмлар ва зурурий қурилиш молларини учоқлар воситасида ва Афғонистон ҳудуди орқали Тожикистонга киритишга қарор қилганлар.

"Роғунга керак бўлган қурилиш моллари ва тажҳизотларни учоқлар ва Афғонистон ҳудуди орқали келтириш қарори олинди. Албатта, бу уларнинг нархини бир неча бараварга қимматлаштиради. Лекин бизда бошқа йўл йўқ," дея тан олди Нурулло Шулашов.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Шулашов охирги ойларда Роғунда қурилиш ишлари сезиларли даражада секинлашганини айтди.

"Биз тузган баъзи режалар бажарилмади. Бунга сабаб эҳтиёт қисмларининг етишмаслигидир. Масалан, бизда "БелАЗ" юк машиналарига катта эҳтиёж бор, лекин Ўзбекистон бу эҳтиёт қисмлар юкланган вагонларнинг Тожикистонга киришига йўл бермаяпти," дея қўшимча қилди Роғун ГЭСи бошлиғи Нурулло Шулашов.

Жаноб Шулашов Роғун ГЭСи учун ўта муҳим бўлган бошқа қурилиш молларини ҳам тилга олди.

Ўтган ой бошида "Тожикистон Темир Йўллари" ширкати масъуллари Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишига мўлжалланган тажҳизотлар, жумладан юк машиналари юкланган вагонларни ўз ҳудудидан ўтказиб юборганини маълум қилган эдилар.

Лекин Нурулло Шулашов бу хабарларни рад этди ва йил бошидан буён Ўзбекистон Роғунга йўл олган бирорта вагонни қўйиб юбормаганини айтди.

Шу йил ёзида президентлар Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов Тошкентда учрашиб, Тожикистон вагонлари транзитига Ўзбекистон томонидан тўсиқ қўйилмаслигига келишиб олган эдилар.

Лекин расмийлар бу келишув Роғун ГЭСига учун зарур бўлган қурилиш молларига таалуқли эмаслигини алоҳида таъкидлаган эдилар.

Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишига кескин қаршилик қилиб келади.

Расмий Тошкентнинг ишонишича, ушбу ГЭС барпо этилса, Ўзбекистон сув танқислигига рўбарў бўлади.

Президент Каримов Роғун сув омбори тўлиши учун 8 йил кетишини айтган.

Бироқ бу даъволарни рад этган расмий Душанбе Роғун сув омбори Сирдарё ва Амударё сувларининг Тожикистонга ажратилган улуши ҳисобига тўлдирилишини изҳор этган.