Ўзбек-туркман чегарасида Ўзбекистон фуқароси ҳалок этилди

Ўзбек-туркман чегараси
Image caption Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара 1600 километрдан узунроқ

Хоразм вилояти ички ишлар идорасидаги манбанинг айтишича, ўзбек-туркман чегарасида туркман чегарачилари Ўзбекистон фуқаросини ҳалок этганлар.

Ҳодиса, милиция зобитининг маълум қилишича, Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегардош Шовот туманида юз берган.

Мақсуд Ражабов исмли Ўзбекистон фуқаросининг қай ҳолатда ҳалок этилгани маълум эмас.

Хоразм вилояти ички ишлар идорасидаги манбанинг айтишича, Мақсуд Ражабовни учта туркман чегарачиси аввал Ўзбекистон ҳудудида ҳалок этиб, сўнгра Туркманистон ҳудудига олиб ўтишган.

Ҳодиса жойини текширувдан ўтказган ўзбек чегарачилари у ерда қон изларини топганлар.

Мазкур ҳодиса юзасидан ҳозиргача Туркманистон томонидан расмий изоҳ берилмаган.

Хоразм вилояти мулозимлари икки мамлакат ўртасида сим тўрлар тортилганидан буён биргина Шовот вилоятида 300 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ҳалок этилганини айтишади.

Туркманистон фуқароларидан қанча одамнинг қурбон бўлгани маълум эмас.

Бензин контрабандаси

Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегараларга эга.

Икки мамлакат ўртасидаги чегаралар узунлиги 1600 километрдан узунроқдир.

2001 йил март ойида Туркманистон собиқ президенти Сапармурод Ниёзов ўз мулозимларига Ўзбекистон билан бўлган умумий чегараларга йил охирига қадар сим тортиб чиқишга буйруқ берди.

Туркманбоши мазкур амални ноқонуний савдо-сотиқни бартараф этиш зарурати билан изоҳлаган эди.

Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида 2004 йилда имзолаган ҳукуматлараро келишувга мувофиқ, чегара ҳудудларида яшовчи фуқаролар қўшни давлат ҳудудига бир неча кунга бориб-қайтиш ҳуқуқига эга.

Аммо ўзбек-туркман чегарасида чегарачилар томонидан қурол ишлатиш ҳоллари тез-тез юз бериб туради.

Туркманистондан ҳар ой юзлаб тонна ёқилғи Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб ўтилади.