7 апрел ҳодисалари бўйича уч гумондор ғойиб бўлган

Шу йил 7 апрел ҳодисалари юзасидан маҳкама Бишкекда давом этган, собиқ ҳукуматнинг уч юқори лавозимли мулозимига белгиланган эҳтиёт чорасини ўзгартиришга қарор қилинган.

Қирғизистон прокуратурасидан билдиришларича, собиқ президент Қурманбек Бакиев маъмуриятида юқори мансабларда ишлаган Оксана Малеваная, Нурлан Турсункулов ва Қанибек Жўроев мамлакатни тарк этганлар.

Уларга бошқа айблар қатори апрел ҳодисалари иштирокчиларига қарата ўт очиш буйруғини бериш айби қўйилган.

Прокуратурага кўра, уч шахсга уй қамоғи белгиланган бўлган, бироқ жавобгарликдан қочиш мақсадида собиқ бош прокурор Нурлан Турсункулов, Бакиев маъмурияти раҳбари Қанибек Жўроев ва собиқ президент котибияти раҳбари Оксана Малеваная ҳамда оиласи аъзолари ўзларининг уйларидан ғойиб бўлганлар.

22 ноябр куни давом этган маҳкамада уч гумондор кишига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартиришга қарор қилинган.

Уларни ҳибсга олиб маҳкамага келтириш буйруғи берилган.

Қирғизистон чегара қўмитасидан билдиришларича, гумондорлар қонуний равишда мамлакат сарҳадларидан четга чиқмаганлар.

Собиқ ҳукумат мулозимлари ва хавфсизлик хизматининг 22 ходими устидан дастлабки маҳкама 17 ноябрда бошланган, бироқ ҳалок бўлганларнинг яқинлари айбланувчиларга нисбатан ўлим жазосини талаб қилиб, маҳкама жараёни кечаётган бинода тартибсизлик келтириб чиқарганлари оқибатида маҳкамани қолдиришга мажбур бўлинган эди.

Бишкекдаги маҳкама зўравонликка айланиб кетди

Гумондорларнинг аксарига уй қамоғи эҳтиёт чораси белгиланган.

Маҳкамадаги қафасда Бакиевнинг Мудофаа вазири Бақтибек Калиев ва хавфсизлик гвардияси бошлиғининг ўринбосари Нурлан Темирбековлар сақланмоқда.

Намойишчилар ўлимида айбланаётган яна олти киши, шу жумладан, собиқ президент Қурманбек Бакиев, унинг укаси Жаниш Бакиев, ўғли Максим, собиқ бош вазир ва собиқ хавфсизлик қўмитаси раҳбарлари сиртдан маҳкамага тортилаяпти.

Қурманбек Бакиевга Президент Александр Лукашенко Беларусда бошпана берган, ўғли Максим Бакиев Британия расмийларига ўзини топширган.

Расмийларга кўра, 7 апрел куни Қурманбек Бакиев ҳукумат биноларини босиб олмоқчи бўлган оломонга қарата ўт очишга буйруқ берган, натижада 87 инсон ҳалок бўлган, 1000 дан ортиқ одам жароҳатланган.

17 ноябр куни маҳкама мажлиси бузилганидан кейин айбланувчиларнинг ҳимоячилари шикоят аризалари ёзишган, ўзларига нисбатан ўлим пўписалари бўлаётгани туфайли давлат ҳимоясига олинишлари лозимлигини айтишган.