'Қирғизистон жанубидаги низоларда етим қолган болаларга эътибор лозим'

Ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари Қирғизистонда июн ойида юз берган қонли миллий низолар ортидан қаровсиз ва етим қолган болалар муаммоларига эътибор беришга чақиришмоқда.

Бухорода жойлашган Ҳуқуқий инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш марказига кўра, зўравонликлар ортидан кўплаб болаларнинг ҳаётларини асраш учун баъзида ота-онасиз уларн Россия, Ўзбекистон ва ё Қозоғистонга олиб чиқишган.

Эндиликда бу болаларнинг оилаларини излаш ва уйсиз қолганларга бошпана топиш масаласи ўртага чиқмоқда.

Биз марказ раҳбари Шуҳрат Ғаниев билан боғланиб, Ўш ва Жалол-Ободдаги қонли тўқнашувлар ортидан етим ва қаровсиз қолган болалар тақдири борасида сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон жанубида июн ойида юз берган этник зўравонликлардан асосан Ўш шаҳри жабр кўрган.

Бу ерда уйлари ва мактаблари ёқиб юборилган, кўплаб даҳшатларга шоҳид бўлган, ота-онасидан ажралган болалар оз эмаслиги айтилади.

Ҳозир қиш кирмоқда. Лекин бу болаларнинг кўпчилиги ҳамон чодирларда яшашади.

Кўмир йўқлиги боис, чодирдагиларнинг кунлари халқаро ёрдам ташкилотлари етказиб бераётган электр печкаларга қолган.

Вақтинчалик чодирларда яшаётган болаларнинг ораларида хасталикка чалиниш ҳоллари ҳам кўп учраши айтилади.

Ҳукумат қайта қуриш ишларини бошлаган. Лекин ҳамон юзлаб болалар БМТ тиклаган чодирларда таҳсил олишмоқда.

Биз зўравонликлардан жабр кўрган болаларнинг аҳвол-руҳиятларини билиш учун ўшлик муаллим Муртазо Умаров билан боғландик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон жанубидаги зўравонликларда расман 400 дан зиёд одам нобуд бўлган. Икки мингдан ортиқ уй-жой вайрон этилган.

Яхши ташкиллаштирилган бу босқинларда, асосан, ўзбекларнинг уй-жойлари нишонга олингани айтилади.