Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги ҳамкорлик неқадар?

Душанбедаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарлари йиғини аъзо давлатлар ҳамкорлиги у қадар ҳам жипс эмаслигини намоён этди.

Аввало, Ўзбекистон юборган ҳайъатга бош вазир эмас, балки унинг муовини бошчилик қилди.

Душанбедаги таҳлилчилар бу билан "Ўзбекистон Тожикистондаги учрашувга беписанд қараган" деб айтишмоқда.

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги алоқалар Тожикистоннинг улкан "Роғун" ГЭСини тиклаш режалари ортидан янада таранглашган.

Ўзбекистон бу ГЭС ортидан Амударё суви тортилиб, ўз далалари сувсиз қолиб кетишидан қўрқувда.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбек ҳукумати шу боис Тожикистон юк вагонларини ўз ҳудудларида бесабаб ушлаб қолишмоқда ва чегара ўтиш масканларини бир тарафлама ёпиб қўяётган ҳолатлар бўлаётир.

Аммо бу икки қўшни Шанхай учрашувида ҳам бирон масалада келишиб олмаган кўринадилар.

Тожикистон вакиллари ўз чиқишларида Шанхай ҳамкорлигига аъзо давлатлар мавжуд транспорт йўлакларидан унумли фойдаланишлари зарурлиги ҳақида гапиришган, холос.

"Аммо бунинг терси рўй бераяпти ва натижада оддий одамлар азият чекишмоқда" - деб айтган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон.

Лекин бу учрашувга Россия ва Қирғизистон юқори даражали ҳайъат билан келишган.

Москвадан Бош вазир Владимир Путин, Бишкекдан эса Президент Роза Ўтинбоева ташриф буюришди.

Россия Бош вазири Владимир Путин ташкилот доирасида гиёҳванд моддаларга қарши курашиш механизмларини ишлаб чиқиш эҳтиёжи катталиги ҳақида гапирган.

Маълум бўлишича, 2006 йилгача Тожикистон чегараларида фаолият олиб борган Россия чегара қўшинларининг Тожикистонга қайтарилиши ҳам муҳокама этилган.

Лекин бу борадаги якуний қарорни Тожикистон ҳукумати бериши айтилган.

Москва вакилларига кўра, Тожик-Афғон чегарасини Россия чегарачилари қўриқлаган паллалар минтақага кириб келадиган гиёҳванд моддалар миқдори кам эди ва чегарадан экстремист кучлар ошиб келиши ҳам ҳозиргидек осон эмас эди.

Айни дамда, Шанхай хамкорлик ташкилоти давлатлари Афғонистонга хар томонлама ёрдам беришга чақирди.

Кузатувчи мавқеидаги Эрон эса ўзининг бу ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кириши, минтақада Афғонистон муаммосини ҳал этишда муҳим ўрин тутади, деб урғулаган.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган.

Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон кузатувчи мақомига эгалар.