Москвадаги меҳнат муҳожири сони қанча ва улар қанча маош олишади?

Image caption Меҳнат муҳожирлари энг қийин ва энг кам маош тўланадиган ишларга розилар

Шу ҳафта Москва мэри топшириғи билан шаҳар меҳнат департаменти 2010 йилда хориж фуқароларига берилган иш рухсатномалари ҳақидаги маълумотларни ошкор этди. Ушбу маълумотлар меҳнат муҳожирларини мамлакатлар ва профессионал гуруҳларга таснифлаш имконини беради. Унда хусусан қайси мамлакатдан келган муҳожирлар кўпроқ даромад топишлари ҳам ойдинлик киритилган.

Москва расмийлари ихтиёридаги ҳужжатларда 250 минг меҳнат муҳожири ҳақидаги батафсил маълумотлар бор.

Бу кишилар қайси мамлакатлардан Россиянинг пойтахтига боришган, қайси корхона-ташкилотда ким бўлиб ишлайдилар, қанча маош оладилар - ҳаммаси қайд этилган.

Москва расмийлари 2010 йилдаги мигрантлар сони 250 минг бўлса, келаси йилда уларнинг сонини 200 минг туширмоқчи эканлари маълум қилинган.

Ушбу статистик маълумотлар таҳлилига кўра, Москвада меҳнат билан банд бўлган хорижликларнинг бир ойлик ўртача маоши 28321 Россия рубли ёки 900 АҚШ доллари атрофида бўлган.

Бу Москвадаги ўртача маошдан анча кам.

Бу йил москваликларнинг ўртача маоши 39000 Россия рубли ёки 1240 АҚШ долларини ташкил этипти.

Таҳлилчилар 900 долларлик ўртача маошга айрим чет эллик фирма-компанияларнинг раҳбарлари маоши ҳам кириб кетганини айтишади, агар ойига 2 миллион Россия рубли миқдорида ойлик иш ҳақи оладиган инсонлар даромади чегирилса, меҳнат муҳожирларининг ўртача кўрсаткичи анча пастга тушиб кетади.

Расман Москвада ишлаш ҳуқуқига эга меҳнат муҳожирларининг қарийб 50 фоизи 10 минг билан 15 минг Россия рубли ўртасида ойлик маош олиши ҳужжатларда кўзга ташланади.

Россиянинг пойтахтида расман рўйхатдан ўтиб ишлаётган энг кўп хорижликлар Тожикистон фуқаролари экан, уларнинг сони бу йил жами меҳнат муҳожирларининг 19 фоизини ташкил этган.

Иккинчи ўринда ўзбекистонликлар бўлиб, улар 18 фоизни ташкил этипти.

Кўплиги бўйича рўйхатда Ўзбекистон фуқароларидан кейин Украина, кейин Молдова, сўнг Қирғизистон, ундан кейин Туркия фуқаролари турар экан.

Москвада маошларининг кўплиги бўйича биринчи ўринда японлар турар экан.

Япония фуқароларига ҳар ойда ўртача 96 минг рубл ёки 3 минг АҚШ долларидан зиёд маош тўланади.

Бу рўйхатда кейин британияликлар, америкаликлар, Австралия, Янги Зеландия Канада фуқаролари жойлашганлар.

Кузатувчилар Москванинг янги мэри Сергей Собяниннинг шаҳарда ноқонуний меҳнат муҳожирлари кўпайиб кетгани, улар сони икки миллион атрофида деган баёнотини ошириб кўрсатиш бўлиши мумкин, деб ҳисоблайдилар.