Ўш шаҳри аҳолиси бир неча соатни ваҳимада ўтказдилар

29 ноябр куни тушдан кейин Ўш шаҳрида портлаш овозлари эшитилган.

Би-би-си билан суҳбатлашган ўшликлар "Мажиримтол" мавзесида портлаш овозларини эшитганлари ҳақида айтдилар.

Савдо-сотиқ билан банд бўлиб турган инсонлар портлаш овозидан ваҳимага тушганлар ва буюмларини зудлик билан йиғиштириб, уйларига шошилганлар.

Reuters ахборот агентлиги Ўш шаҳрида камида уч портлаш овози эшитилгани ҳақида хабар қилган.

Ўшликларнинг Интернетдаги ижтимоий тармоқларда хабар қилишларича, "гранаталар портлаётгани" овозлари эшитилган.

Бир муддат Ўш шаҳри билан телефон алоқаси узилган.

Одамларнинг Ўзбекистон чегарасига томон ҳаракатлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Қирғизистон ҳукуматидан айтишларича, махсус кучлар террорчиликда гумон этилган шахсни қўлга олиш амалиётини ўтказганлар.

Қирғиз ҳукумати сўзчиси Роза Даудова сўзларига кўра, "махсус кучлар бир кишини қўлга олиш мақсадида махсус амалиёт ўтказган. У граната отган ва портлаш рўй берган".

Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Марат Иманкулов айтишича, хавфсизлик кучларининг камида бир ходими жароҳатланган.

Марат Иманкулов сўзларига кўра, Қирғиз махсус кучлари Ўшда "Ҳизбут-таҳрир" исломий гуруҳи аъзоларига қарши рейд ўтказганлар.