'Қирғизистондаги этник низо жабрдийдаларига яна миллионлаб доллар ёрдам керак'

БМТ ва халқаро ташкилотнинг Қирғизистондаги ҳамкорлари июн ойидаги миллий низолардан жабр кўрган 800.000 дан ортиқ кишига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун яна 42 миллион доллар ёрдам сўрашмоқда.

Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида ўзбеклар ва қирғизлар орасида келиб чиққан қонли тўқнашувлардан қарийб ярим миллион киши жабр кўрган: 400.000 га яқини доимий турар-жойларини ташлаб чиқишган, ўн минглаб бошпанасизлар эса, қўшни Ўзбекистонга ҳам қочиб ўтишганди, дейди халқаро ташкилот.

Кўплаб кишилар эса, зўравонликларни ўз таналарида ҳис этишган, юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб инсонлар тан жароҳати олишганди.

Бирлашган Миллатларнинг Қирғизистон бўйича Инсонпарварлик ёрдамларини мувофиқлаштирувчиси Нил Уокернинг айтишича, "Этник низолардан жабр кўрган аҳоли, айниқса, болалар ва бошқа заиф гуруҳларга ҳануз халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ёрдамлари зарур".

"Миллий низолар ва унинг оқибатлари Қирғизистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга жиддий таъсир қилган. Шу сабабдан ҳам, ҳамон у ерда инсонпарварлик ёрдамларига эҳтиёж бор. Мен бир нарсага умидбахшманки, агар қўшимча молиявий ёрдам келаси йилнинг ўрталаригача етказиб берилса, Қирғизистон жанубида вазият барқарорлигича қолади," деб қўшимча қилган халқаро ташкилот вакили.

Бирлашган Миллатлар Қирғизистон жанубидаги этник низолар сабаб бошпанасиз қолган аҳоли ва жабрдийдаларга зудлик билан ёрдам бериш учун 18 июн куни юз миллион долларга яқин молиявий кўмак мурожаати билан чиққанди.

Халқаро ташкилотга кўра, дастлабки мурожаатда кўзда тутилган инсонпарварлик дастурлари учун 51 миллион АҚШ доллари етказиб берилган. Яъни, бор-йўғи 55 фоизи молияланган.

Бунинг ортидан БМТ ва халқаро ташкилотнинг Қирғизистондаги инсонпарварлик масалалари бўйича ҳамкорлари қирғиз ҳукумати билан бирга молиявий ёрдам етказиш муддатини келаси йилнинг ўрталаригача узайтириш масаласида келишиб олишган.

Этник низолар сабаб, турар-жойларидан буткул мосуво бўлган инсонларга янги бошпана тиклашда банд идоралар эса, қўшимча маблағсиз ҳам шу йилнинг охирига қадар барча эҳтиёжмандларга 2-3 хонали вақтинчалик уй-жойлар қуриб беришларига ишончлари комил эканини айтишмоқда.

Ўтган июн ойида юз берган этник низолар чоғида Қирғизистон жанубида 2.000 га яқин турар-жой ва биноларнинг буткул вайрон бўлгани айтилади.

Маҳаллий аҳоли эса, қиш тушиб қолганига қарамай, минглаб жабрдийдаларнинг ҳануз вақтинчалик чодирлар остида яшашаётганидан шикоят этишади.

БМТнинг Қирғизистондаги юқори мартабали мулозимига кўра, "Аҳолининг хавфсизлиги, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигини қайта тиклаш устивор масала бўлиб қолаётган эса-да, таълим, тозалик ва одамларнинг саломатликларига эътибор қаратишга ҳануз эҳтиёж бор".

"Агар ҳамма нарса кўнгилдагидек кечса, келаси йилнинг июл ойига қадар Қирғизистон жанубида инсонпарварлик ёрдамларига, камида кенг кўламли мувофиқлаштирилган кўмак амалиётларига ортиқ эҳтиёж қолмайди," деб айтган БМТ вакили.

Биз Ўш шаҳар яшовчиларидан бири билан боғланиб, бугун тўқнаш келиб турган муаммолари билан қизиқдик.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди