Имомали Раҳмон: 'Гидроэлектростанция қуриш лойиҳаларимизнинг минтақага таъсири йўқ'

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг айтишича, гидроэлектростанция қуриш лойиҳаларининг Марказий Осиёдаги сув мувозанати ва минтақа экологиясига таъсири йўқдир.

Тожикистон раҳбари бу ҳақда "Сангтуда-2" гидроэлектростанцияси тўғонини қуриш ишларини бошлаш маросими чоғида қилган чиқишида айтган.

Ушбу гидроэлектростанцияни қуриш ишлари 2006 йилда Эрон билан ҳамкорликда бошланганди. Лойиҳа томонларга 225 миллион долларга тушмоқда.

"Сангтуда-2" келаси йилнинг охиригача қуриб битказилади ва ишга тушгач, йилига бир миллиард киловатт/соат энергия ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Президент Раҳмоннинг айтишича, "Тожикистон дунёдаги ичимлик суви ва музликларнинг асосий манбаидир. Ва минтақадаги бошқалар қатори ушбу табиий бойликдан фойдаланишга ҳақлари бор".

Тожик раҳбарига кўра, "Сангтўда-2" мамлакат иқтисодини кучаqтиришга хизмат қилади.

Маросимда иштирок этган Эрон Энергетика вазири Мажид Намжу, "Энергия тақчиллигига барҳам беришда мамлакати доимо Тожикистон халқини дастаклаши"ни айтган.

Тожикистон томони билан эришилган битимга мувофиқ, Эрон "Сангтўда-2" гидроэлектростанциясидан келаси ўн икки ярим йил ичида фойда олиб туради. Ва шундан сўнг, у бутунлай Тожикистон ихтиёрига ўтади.

Россия ахборот агентликларининг хабар беришича, мазкур лойиҳа "Сангтуда-2" да ишлаб чиқарилган электр токини Тожикистондан Эрон орқали Афғонистонга етказиб берувчи юқори қувватли ўтказгични қуриш ишларини ҳам кўзда тутади.

Ўтган йилнинг июл ойи охирида Тожикистон Россия билан ҳамкорликда жанубий-ғарбий Хатлон вилоятида "Сангтўда-1" гидроэлектростанциясини ишга туширганди.

Сўнгги пайтларда Марказий Осиёнинг икки йирик дарёси бошида турган Қирғизистон ва Тожикистон ўзларининг энергияга ташналикларини қондириш учун юқори оқимда гидроэлектростанциялар қуриш режаларини айта бошлашган.

Айниқса, Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи сўнгги пайтларда расмий Тошкент ва Душанбе орасидаги алоқаларни янада таранглаштирган.

Таҳлилчиларга кўра, янги ГЭС иқтисодида деҳқончилик катта ўрин тутадиган ва аҳоли зич яшайдиган Ўзбекистонда суғориш сувлари танқислигини юзага келтириши мумкин.

Тожикистон ва қирғизистонлик мутахассисларнинг айтишларича эса, бу мамлакатларда гидроэнергетика станциялари қуриш режалари Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг манфаатларига қарши эмас.

Бироқ Ўзбекистоннинг асосий зироат экини бўлмиш пахта кўп сув талаб қилади ва Ўзбекистон аҳолиси минтақанинг бошқа мамлакатларидаги барча аҳолини қўшиб ҳисоблаганда ҳам қарийб тенглашиб қолади.

Ҳозирда минтақа мамлакатлари ўз ораларидаги сув муаммоларини ҳал этиш учун баҳамжиҳат ҳаракат қилишлари зарурати хусусида тобора кўпроқ гапирилаётир.

Шўро давридаги марказлашган сув таъминоти ва суғориш тизимлари, минтақа мамлакатларининг жуғрофий жойлашуви уларни ўзаро боғлаб қўйган.

Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи қурилиши борасида халқаро текширув ўтказиш масаласини илгари суриб келади.

Тожикистон Роғун қурилишига оид текширувларга қарши эмаслигини айтиб, жорий йил март ойида Жаҳон Банки билан энергетика тараққиёти борасида битимга имзо чекканди.

Кузатувчилар Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилиши минтақа учун зарар келтириши ҳақида даъво этар экан, ўз навбатида Тожикистон мамлакатда энергия танқислигини тугатишга хизмат қиладиган йирик иншоотни бунёд этиш мақсадидан чекинмаслигини билдирар экан, икки қўшни мамлакат орасида совуқчиликлар давом этаётганини урғулашади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Душанбе йиғини доирасида Хитой билан имзоланган ҳужжатларга мувофиқ эса, Хитой Тожикистонга 200 миллион АҚШ долларига яқин имтиёзли сармоя ҳам бермоқчи.

Мазкур сармоялар эса, Хитойни Тожикистон билан боғлайдиган автомобил йўли ва Хўжанддан Айнийгача тортиладиган электр тармоғи билан боғлиқ.