Тожикистонда аксар ёшлар ҳарбий хизматга боришни исташмайди

Тожик қуролли кучлари
Image caption Бугун Тожикистонда армияда хизмат қилишни истамайдиганлар кўп

Шимолий Тожикистонда ҳарбий хизматга навбатдаги чақириқ ҳар галгидан ҳам қийин кечмоқда. Хизмат ёшидаги йигитларнинг аксарият кўпчилиги ҳарбийга боришни исташмайди.

Кузатувчиларнинг фикрича, бунинг асосий сабабларидан бири жорий йил кузида мамлакат шарқидаги Раштда бўлиб ўтган жанглар ва асосан ёш аскарлар тушган машинага қилинган ҳалокатли ҳужум оқибатидир.

Режани тўлдириш учун кўчада тутиб кетишлар, уйларга бостириб бориш ҳоллари юз бермоқда, дейишади кузатувчилар.

Мамлакат жанубидаги туманлардан бирида маҳаллий ҳукумат раҳбари бошлиқларнинг фарзандларини ҳарбий хизматга юбориш чорлови билан чиққан.

Шу пайтгача хизмат қилаётган йигитлар орасида раҳбарларнинг ўғилларини учратиш жуда қийин, деган у.

Ота-оналар барча шароитлар яратилсагина ўғилларини ҳарбий хизматга юборишларини айтишади.

Айни бир пайтда Шимолий Тожикистондаги бир қатор ноҳукумат ташкилотлар муқобил ҳарбий хизмат борасидаги қонун лойиҳасини тайёрлашган.

'Ҳарбий хизматга боргандан кўра, Россияга кетган афзал'

Ғафуров туманида яшайдиган Фарҳод Хуррамов олий ўқув юртида ўқиётгани учун вақтинча ҳарбий хизматга бормайди. Фарҳоднинг айтишича, ҳамқишлоқ йигитлардан жуда кўпчилиги нима бўлса-да хизматга бормаслик учун уринишяпти:

-Кўпчилик ота-оналар ҳали чақириқ бошланмасдан ўғилларини Россияга ишга жўнатиб юборишди, айримлари уйларидаги пулга чақиладиган нарсаларини сотиб, бир иложда хизматдан озод этадиган ҳужжат тўғрилаш учун югуришмоқда, - дейди Фарҳод

23 ёшли Икром бундан икки йил олдин ҳарбий хизматда бўлган. Лекин, унга хизматни ҳали тўла ўтамасдан бурун жавоб беришган.

Икромнинг онаси ўғли соғлом бўлмаса-да, хизматга жўнатиб юборишганидан ҳамон норози.

Оддий одамлар ҳарбий хизматга раҳбарлар ва пулдор одамларнинг болалари эмас, балки қўли калта ота-оналар фарзандлари жўнатилаётганидан шикоят этишади.

Навбатдаги чақириқ бошланар экан, мамлакат жанубидаги Қабодиён тумани раиси маҳаллий раҳбарлардан аввал ўз ўғилларини ҳарбий хизматга жўнатишларини ва кейин ўртаҳол ҳамда камтаъминланган оилалар бошлиқларига бу борада тарғиб қилишларини талаб этди. У ҳатто бу талабни бажармаган раҳбарнинг ҳукуматда ишлаш-ишламаслиги масаласини кўриб чиқишни ўртага ташлади.

Жорий чақириқда қабодиёнлик раҳбарлардан бир нечасининг фарзанди, жумладан, туман раисининг биринчи муовини, ҳарбий чақириқ бўйича маҳаллий комиссия раиси Зиёдали Эргашевнинг ўғли хизматга жўнаб кетди.

-Лекин, бошқа шаҳар ва туманларда қабодиёнлик раҳбарнинг чақириғи кўпинча эшитмасликка олинди, - дейди маҳаллий кузатувчи Ислом Расулов.

'Аввал шароитни яхшилаб қўйишсин'

Ҳарбий хизматга чақириқ режасини тўлдириш ўта қийинчилик билан кечди. Ота-оналар ўғилларини кўча ва бозорларда тутиб кетишгани, уйларига бостириб келишгани борасида шикоятлар қила бошлашди.

Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра Мастчоҳ туманида 21 ёшга кирган икки йигит ҳарбий нозирлик ходимларини ҳақорат қилишган ва калтаклашган, улар тушган енгил машина ойнасини синдиришган. Ҳарбий нозирлик ходимларининг айтишларича, бу йигитлар яшаган Оббурдон қишлоғидаги 19 ёшли Муллонозим Бадиев исмли йигитга ҳарбийга чақириқ қоғозини топширишга келган бўлишган.

-Йигитларнинг ҳарбий хизматдан қочишлари сабабини очиқ айтиш зарур аслида, - дейди кузатувчи Ислом Расулов. -Биз нимага хизматга боришмайди, дея сўраймиз. Бунинг ўрнига нега қийноққа тутиш учун бормайсан, деб сўрамоғимиз лозим. Албатта, ҳеч ким озор беришларини, азият чекишни истамайди. Ҳозирда Тожикистонда ҳарбийда Шўролар Иттифоқи пайтида бўлган тартибсизликлар мавжуд. Иккинчидан, ҳарбий соҳада бирон жиддий ислоҳот ўтказилмаган. Ҳарбий хизматга оид қонунга депутатлар томонидан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар жузъий бўлиб, бу соҳани сифат жиҳатидан ўзгартирмайди. Агар биз Шўро-лар пайтидан қолган тартибдан воз кечмасак, тожикистонлик ёшларнинг ҳарбий хизматдан қочишлари давом этаверади, - дейди Ислом Расулов.

Ҳарбий нозирлик ходимлари Шимолий Тожикистонда халқ орасида "облава" деб аталадиган текшириш ва тутиб кетишлар йўқлигини таъкидлаб келишади.

Ота-оналар эса, кўпчилик ҳарбий қисмларда интизомнинг мустаҳкам эмаслиги, аскарларнинг тўйиб овқат емаслиги, устига янги борган йигитларни ҳақоратлаш ва калтаклаш ҳолатлари борлигидан норозилар.

Хўжанддаги "Ампаро" ёш ҳуқуқшунослар уюшмаси эса, муқобил ҳарбий хизмат борасидаги қонун лойиҳасини тайёрлаган. Шимолий Тожикистондаги бошқа бир қатор ҳуқуқшунослар ва ноҳукумат ташкилотлари ҳам мазкур лойиҳани тайёрлашда иштирок этишган. Ҳозирда бу лойиҳани мамлакат парламентига кўриб чиқиш учун таклиф этиш тараддуди кўрилмоқда.

Журналист Бахтиёр Облоназаровнинг фикрича, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Тожикистонда ҳам муқобил ҳарбий хизматга ўтиш вақти аллақачон етган.

-Агар бу қонун жорий этилса, менимча яхши бўлади. Чунки ёшлар ҳарбий хиз-матга кўпроқ жалб этилади. Уларнинг хизматга муносабатлари ўзгаради. Менинг фикримча, бу ҳарбий хизмат иқтисодига ҳам кўмаклашади. Ҳарбий хизматчилар маоши кўпаяди, - дейди Бахтиёр Облоназаров.

Кузатувчилар кейинги йилда мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлайдиган Тожикистонда чинакам ҳарбий ислоҳот ўтказиш биринчи навбатда мамлакатнинг ўз манфаати учун хизмат қилишини таъкидлашади.