Эрон диний таълим даргоҳларидаги тожик талабалари бошқа ихтисосликларга ўтказилади

Миср, Покистон ва Эрондаги диний мадрасаларда таълим олаётган 600дан ортиқ тожик ёшлари Тожикистонга мажбуран қайтарилган эди
Image caption Миср, Покистон ва Эрондаги диний мадрасаларда таълим олаётган 600дан ортиқ тожик ёшлари Тожикистонга мажбуран қайтарилган эди.

Тожикистон парламенти вакилларининг Эронга расмий сафари доирасида вакиллик палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров у ердаги диний таълим даргоҳларида ўқиётган 200дан ортиқ тожик ёшларини шу ердаги бошқа таълим даргоҳларига кўчирилишини сўраган.

Тожикистон парламенти вакиллик палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров Эрон Президенти Аҳмадинежод билан мулоқотида Эронга ноқонуний тарзда келиб ўқиётган талабаларнинг бир қисми қайтарилганлигини айтган.

"Яна 200 нафар атрофида талабаларимиз Тожикистон ва Эрон Исломий Республикаси шартномаларига эга бўлмай туриб, Теҳрон, Қум, Гургон ва Машҳадддаги халқаро диний таълим даргоҳларида ўқиётганликларини айтган. Улар Тожикистоннинг эҳтиёжи бўлган бошқа ихтисосликларга ўқишга ўтказилсалар яхши бўларди. Бунда мен аниқ фанларни, геометрия ва тиббиёт ва бошқаларни назарда тутяпман",- деган тожик мулозими.

Сўнгги ҳафталарда Миср, Покистон ва Эрондаги диний мадрасаларда таълим олаётган 600дан ортиқ тожик ёшлари Тожикистонга мажбуран қайтарилган эди.

Кузатувчилар уларни Тожикистонда иш билан таъминлаш ёки ўқишларини давом эттириш учун шароит йўқлигини урғулайдилар. 'Тожикистонга қайтишдан кўра яхшироқ танлов'

Исломий давлатлардаги 600дан ортиқ талабаларнинг Тожикистонга мажбуран қайтарилиши мамлакатдаги мустақил нашрларда сиёсий маърака сифатида талқин қилинаётган бир пайтда Тожикистон парламенти вакиллик палатаси раиси Шукуржон Зуҳуровнинг Эрондаги талабаларга нисбатан таклифи кутилмаган бўлди.

Image caption Фарзандлари қайтарилган ота-оналар хориждаги ўқиш анчайин арзон ёки деярли текин бўлгани учун болаларининг узоққа ўқишларига изн берганликларини таъкидлашади

Мустақил сиёсатшунос Феруз Саидовга кўра, ушбу ёндашув ҳам ўша сиёсий маъраканинг давоми эканлиги аниқ эса-да, талабаларни Тожикистонга қайтаришдан кўра ижобийроқдир. - Толиб ва талабаларнинг Эрондан қайтарилиши бу давлатга нисбатан яхши сиёсат бўлмас эмас. Ундан кўра, талабаларимиз бошқа йўналишларга ўқишларини давом эттирсалар бу - яхшироқ. Дейлик, бу талабалар Покистон ё-да, бошқа давлатларда махфий таълим даргоҳларида ўқиётган бўлишса, бу бошқа гап эди. Лекин, Эрон Тожикистонга яқин дўстдир,- деди Феруз Саидов.

Аммо, ўтган ҳафталарда Миср ва Покистондан талабалар қайтарилиши ортидан, Эрондан ҳам махсус учоқда юздан ортиқ тожик ёшлари олиб келинди... Уларнинг Исломий мамлакатлар таълим даргоҳларида ўқиши ноқонуний эканлиги расмийлар томонидан урғуланиб келинмоқда.

Айни пайтда хориж давлатларидан қайтарилган ёшлар ишсизлар армияси сафини кенгайтириши бот-бот айтилмоқда. Қайтарилганлар Тожикистондаги илм даргоҳларида ўқишлари учун эса, янги ўқув йилини кутишлари, турли расмиятчиликлардан ўтишлари лозим.

Фарзандлари қайтарилган ота-оналар хориждаги ўқиш анчайин арзон ёки деярли текин бўлгани учун болаларининг узоққа ўқишларига изн берганликларини таъкидлашади.

Сиёсатшунос Феруз Саидов Тожикистонда иш топиш катта муаммо эканлигини урғулар экан, яхши мутахассисларгина яхши иш топадилар дейди. - Иш топиш масаласи ҳозирда хар бир талабанинг ўзига боғлиқ. Аввало, яхши билим олиш керак. Исломий мамлакатларда ўқишдаги молиявий имтиёзлар тожик ёшларининг чуқурроқ билим олишларига замин яратади, - дейди сиёсатшунос.

Тожикистон ҳукумати Исломий таълим даргоҳларидан талабаларнинг мажбуран қайтараётгани ва бу тадбирни талабаларнинг ихтиёрий қарори сифатида кўрсатаётгани урғуланади. Кузатувчилар бу тадбирни ҳукумат мамлакатда Исломнинг таъсири кучайиб бораётганидан хавотирлари натижаси сифатида талқин қиладилар. Эронда диний мадрасаларда ўқиётган талабаларнинг бошқа ихтисоосларга ўтказилиши таклифи эса, ана шу хавотирларга ниқоб бўла олмайди.

Жорий йил августи сўнгида қилган чиқишида мамлакат раҳбари Имомали Раҳмон хориждаги таълим даргоҳларида эстремистлар тайёрланиши юзасидан ота-оналарни огоҳлантирганди.