Тожикистон: Хатлонда хавфсизлик ходимларига пистирма уюштирилган

Image caption Балужистон тоғли минтақа ҳисобланади

Тожикистоннинг жанубидаги Хатлон вилояти Балжувон туманида номаълум қуролли шахслар билан тўқнашувда уч киши ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.

Ҳодиса 1 декабр куни рўй берган.

Ҳалок бўлган инсонларни пайшанба куни дафн этиш маросимлари бўлиб ўтган.

Балжувон туман расмийларининг Би-би-сига айтишларича, тўқнашувда туман милиция идораси раҳбари ўринбосари, туман хавфсизлик хизмати бошлиғи муовини ва Темурмалик тумани шифохонаси ҳайдовчиси ҳалок бўлган, яна икки милиция ва хавфсизлик хизмати ходими, бир вояга етмаган бола жароҳатланган.

Тожик расмийларига кўра, хавфсизлик идораларига Балжувон туманида бир неча номаълум шахс пайдо бўлгани, улар одамлардан нон сўраганлари ҳақида хабар келиб тушган.

Номаълум одамларнинг ғалати шевада гапирганлари маҳаллий одамларнинг эътиборини тортгани маълум қилинган, одамлар уларни афғонлар деб қабул қилганлар.

Шундан сўнг ушбу хабарни текширишга қарор қилинган, текшириш учун бораётган гуруҳ пистирмага дуч келган.

Расмийларга кўра, қуролли гуруҳ аъзолари беш-етти кишидан иборат деб тахмин этилмоқда.

Қонли тўқнашувдан кейин жангарилар ғойиб бўлганлар.

Ҳуқуқ-тартибот органлари қуролли шахсларни қидириб топиш мақсадида ҳудудга махсус қўшинлар юборилганини маълум қилганлар.

Тожикистон расмийларига кўра, бу шахслар Душанбедаги қамоқхонадан қочган исёнкор маҳбусларнинг қолган-қутган аъзоларидир.

Сентябр ойида Тожикистон шарқидаги Рашт водийсида ҳам ҳукумат кучлари ва исёнкорлар ўртасида отишмалар кечган ва Мудофаа вазирлигининг олтмишдан зиёд ҳарбийси нобуд бўлганди.