Афғонистоннинг 'йўқолган' ноёб хазинаси Лондонда намойишга қўйилади

Image caption Мазкур тожнинг ишланганига 2.000 йил бўлгани айтилади

Келаси йилнинг баҳорида Британия Музейида кўргазмага қўйилажак икки минг донадан ортиқ олтин буюмлар ҳайкалчалар, камарлар, билагузуклар ва турли хил либос безакларидан иборат.

Яна осори-атиқалар орасида тилладан ишланган ўта ноёб зебу-зийнатлар ҳам бор.

Дейлик, маликаларга мўлжалланган ва ниҳоятда гўзал тилла тожнинг ишланиш санаси икки минг йиллик тарихга бориб тақалади.

Бу каби ноёб осори-атиқалар Шўролар ишғоли арафасида, яъни 1978 йилда Афғонистон шимолидаги олтита қабрдан топилган.

Топилдиқларнинг қанчалик қимматбаҳолигидан улар топилган сатҳ "Тилла тепа", деб аталиб, одамлар орасида афсонавий бир ерга айланган.

Виктор Саригианидис бошчилигидаги юнон-рус қадимшунослари ва Кобул музейининг саноқли ходимларидан ташқари, ҳеч кимнинг кўзи ушбу қадимий осори-атиқаларга тушмаган.

Кейин эса, ҳамманинг ҳушини бошидан учирган хазина изсиз йўқолган. Ҳамма олтин зебу-зийнатлар эритилиб, суюқ ҳолида Афғонистондан олиб чиқиб кетилган, дея ишониб юрган.

Кобул музейи эса, орада ёпилиб кетган, таланган, жангарилар томонидан ишғол этилган, бомбаланган ва диний экстремистлар томонидан талон-тарож этилган.

Натижада Кобул музейида сақланаётган минглаб қадимий ҳайкалчалар вайрон этилган.

Аммо, кейин аён бўлишича, олтин зебу-зийнатлар Афғонистон Миллий банкида махсус қутиларда яхшилаб беркитиб қўйилган бўлган.

Қутилар эса, бундан олти йил бурун, яъни Афғонистондаги вазият бироз тинчиган пайтда очиб кўрилади.

Ўша пайтда ўша ерда ҳозир бўлган Британия музейи мулозими ўз кўзларига ишонмаганини айтади.

"Қутиларнинг ичидан кир-чир бўлиб кетган елим халта чиқди. Елим халтанинг ичидан эса, олтин зебу-зийнатлар...Хонада биз билан бирга ўттизга яқин афғонлар ҳам бор эди. Биз ҳамма хазинани кўриб, қий-чув қилса керак, деб ўйладик. Аммо ҳеч кимдан ҳеч қандай садо чиқмади. Улар, "Қутидаги нарсалар ҳақиқий бўлмаса-чи?" дейишди. Бор-йўғи 20 ёшларда бўлган бу йигитларнинг аксарияти тилла ҳақида эшитишган бўлишса ҳам, ҳеч қачон кўзлари билан кўрмаганлари тайин эди. Бахтимизга Виктор Саригианидис ўзи таъмирлаган олтин буюмларнинг биттасини таниб қолди. Шундан кейинги қувончимизни кўрсангиз эди," дейди Фредрик Ҳейберт.

Энди бу ноёб осори-атиқалар келаси мелодий йилнинг 3 март куни Британия Музейида очилажак "Афғонистон: Қадим дунёнинг чорраҳалари" номли кўргазмага қўйилади.

Кўргазма давомида кобуллик мутахассислар ҳам Британия Музейида иш олиб боришади. Улар Афғонистондан ноқонуний йўллар билан олиб чиқилган ва британ божхоначилар томонидан тутиб қолинган қадимий осори-атиқаларни аниқлашда кўмак беришади.

Лекин шунда ҳам олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлинган ва қора бозорларда буткул йўқ бўлиб кетган ноёб буюмларнинг ҳам озмунча эмаслиги айтилади.

Мазкур кўргазма бундан аввал Оврўпонинг бир қанча давлатлари ва Америкада бўлиб қайтган.

Лондонда эса, кўргазма келаси йилнинг июл ойигача давом этади ва шундан сўнг, айрим қадимий осори-атиқалар Кобул музейига қайтарилиши ҳам мумкин.

Кобул музейи ҳозир очиқ бўлса ҳам, лекин фақат олтин буюмлар акс этган суратларгина афғонларга ўз ноёб хазиналарини эслатиб турибди. холос.