Хўжанддаги ҳужумларда гумон этилганлар Россияда қўлга олинди

Тожикистон ва Россия Ички ишлар вазирларининг Душанбеда берган қўшма анжуман чоғида айтишларича, шу йил сентябр ойида Хўжандда содир этилган портлашга алоқадор деб гумон этилаётган шахслар Россияда ҳибсга олинишган.

Тожикистон Ички ишлар вазирига кўра, асосий гумондор - тожикистонлик ва у Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Россиядаги бўлими бошлиғидир.

Россия Ички ишлар вазири эса, Шимолий Қофқозда ёшларни жангари гуруҳларга ёллаб, Тожикистонга келтирувчи бир гуруҳни аниқлашгани ҳақида билдирди.

Аввалроқ Суғд вилояти Хавфсизлик қӯмитаси Хўжанддаги суиқасд амалида Ӯзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг қӯли борлиги ҳақида баёнот билан чиққанди.

Айни вақтда Россиянинг Челябинск вилоятида Тожикистонда 25 та террорчилик амалиётини амалга оширгани айтилган Абдулвосит қори Латипов гуруҳи ҳам қӯлга олинганлиги хабар қилинган.

Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев қӯлга олинган шахсларнинг жиноятларини тасдиқловчи ҳужжатлар уларга етиб келгач, гумондорларни Тожикистонга қайтариш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилди.

Хўжанддаги портлаш жорий йилнинг 3 сентябр куни тонгда Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Уюшган Жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳудудида содир булганди.

Ҳодисада бошқарманинг 3 нафар ходими ҳалок бӯлган ва 27 нафари жароҳатланганди.

Портлашдан кӯп ӯтмай, Суғд вилояти Хавфсизлик қӯмитаси баёнот билан чиқиб, террорчилик амалиётида асли истарафшонлик бўлган ва Хӯжандда яшаб келган Акмал Каримовнинг қӯли борлигини маълум қилганди. Каримов Ӯзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзоси эканлиги урғуланганди.

Аммо Тожикистон ва Россия Ички ишлар вазирларининг матбуот анжуманида Хўжанд портлашига алоқадор деб айтилаётган кишилар айнан кимлар эканлиги ва уларнинг сони ҳақида маълумот берилмади.

Жаноб Нургалиев Хӯжанддаги террор илдизлари чуқур ӯрганилишини урғулади.

“Хӯжандда содир этилган теракт масаласида биз ҳамкасбларимиздан кенг ахборот беришларини сӯрадик. Биз бу хабарни Россия Федерациясида ҳам ӯрганишимиз, таҳлил қилишимиз керак. Агар бу Шимолий Қофқоз билан боғлиқ бӯлса, биз бунинг илдизларини чуқур ӯрганамиз," деди Рашид Нургалиев.

Айни вақтда Россия ахборот агентликлари Тожикистон ҳудудида 90-йиллардан буён 25 та террорчилик амалиёти уюштиргани айтилаётган қуролли гуруҳ аъзоларининг Челябинскийда қӯлга олинганлиги ҳақида хабар тарқатишган.

42 ёшли Абдулвосит қори Латипов эса, гуруҳ бошлиғи деб айтилган.

Аммо бу гуруҳнинг Хӯжанддаги портлашга алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

Абдулвосит қори Латипов ўз вақтида Бирлашган Тожик Мухолифатининг кӯзга кӯринган фаолларидан бири Акбар Туражонзоданинг тан қӯриқчиси бӯлганлиги маълум.

Рашид Нургалиевга кӯра, 2008 йилдан жорий йил октябрига қадар Россия ҳудудида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги давлатлараро қидирув эълон қилган 299 нафар киши қӯлга олинган.

Ӯз навбатида, Тожикистон томони ҳам Россия Ички ишлар вазирлиги қидирувида бўлган 340 та шахсни ҳибсга олган.