Ислом Каримов: 'КХШТ аъзо давлатлар орасидаги можароларга аралашмаслиги лозим'

Image caption Ислом Каримов КХШТ аъзо давлатлар орасидаги можароларга аралашмаслиги лозимлигини урғулаган

Бугун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Москвада бўлиб ўтган саммитида Қўшма тезкор қўшинлардан фойдаланиш масаласи муҳокама этилган.

Ўзбекистон томони учрашувда қабул килинган қатор ҳужжатларни имзоламаганини билдирган.

Саммитда иштирок этган президент Ислом Каримовга кўра, олиймақом йиғинда қабул қилинган 43 ҳужжатдан фақат 33 тасига имзо чекишган, холос.

Ислом Каримов ўз чиқишида (Коллектив Хавфсизлик Шартномаси) ташкилотга аъзо мамлакатлар орасида юзага келган можароларга аралашмаслигини алоҳида урғулади.

"Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг вазифаси, энг аввало, ушбу ташкилотга аъзо мамлакатларни хориж ҳужумларидан ҳимоя этишдир. Шунингдек, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти аъзо давлатлар ҳамда МДҲ ҳудудида юзага келган зиддиятлар ва турли жанжалларни ҳал этишга аралашмаслиги лозим," деб айтди президент Каримов.

Расмийларга кўра, имзоланган ҳужжатлар аъзо мамлакатлар ҳудудларида юзага келган фавқулодда ҳолатларни тез бартараф этишга ёрдам беради.

Экспертларнинг фикрларича, жорий йил ёзида Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалардан сўнг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти қошидаги Қўшма тезкор кучлар фаолиятини кучайтиришга қарор қилинган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев Қирғизистон инқирози пайтида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти томонидан жиддий хатоларга йўл қўйилмаганини таъкидлади.

Қирғизистон раҳбари Роза Ўтинбоева мамлакатидаги бўҳронни бартараф этишда Россия ва Ўзбекистон президентларининг ёрдамини юксак баҳолади.

"Мен юзага келган можарони бартараф этишда Ўзбекистон ва президент Ислом Каримовнинг махсус хизматларини қайд этмоқчиман. Қирғизистон учун мураккаб ва жуда хатарли пайтда Ўзбекистон раҳбарияти кўл урган амалиётлар доимо бизни хотирамизда қолади," деб айтди Қирғизистон раҳбари.

Ўтган йил ёзида Россия Қирғизистон жанубида янги ҳарбий база ташкил этиш ва ушбу база Коллектив Хавфсизлик Шартномасининг қўшма тезкор кучлар учун мўлжаллангани ҳақида эълон этилганди.

Ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти Россиянинг Қирғизистон жанубида янги база очиш ва қўшма тезкор кучлар тузиш режаларига кескин норозилигини билдирганди.

Россия расмийларига кўра, ҳозирги пайтда КХШ ташкилотининг Қўшма тезкор қўшинларини ташкил этиш лойиҳасида расмий Тошкентнинг таклифлари инобатга олинган.