Шимолий Тожикистонда "Ҳизбут таҳрир" фаоллашдими ва ё …?

Расмий маълумотларга кўра, кейинги бир ой давомида Шимолий Тожикистонда 15 нафар киши ноқонуний "Ҳизбут таҳрир" фирқасига мансубликда гумон этилиб қўлга олинган. Уларнинг икки нафари қўшни Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилмоқда.

Шунингдек, ўн нафардан ортиқ одам Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий Ҳаракати мансублари сифатида ҳибсга олинган.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда фаолияти тақиқланган ҳизб ва ҳаракатлар фаолларини аниқлаш ва ҳибсга олиш Хўжанддаги портлашга олиб келган худкушлик ҳужумидан сўнг бошланиб кетган.

Мазкур портлашда худкуш ҳужумчидан ташқари 3 нафар милиция мулозими ҳалок бўлган ва яна 27 нафари яраланганди.

Айни бир пайтда ота-оналар ҳибсга олинаётган фарзандлари айбсиз эканликларини айтиб, норозилик билдиришмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 600 нафарга яқин киши "Ҳизбут таҳрир" ғояларини тарқатиш ва мазкур ҳизбга мансубликда кўрилиб жазога тортилган.

"Ўғлим энди ҳарбийдан қайтганди…"

Ғафуров шаҳрида яшайдиган аёлнинг айтишича, унинг ўғилларини "Ҳизбут таҳрир"га мансубликда гумон этиб ҳибсга олишган.

"Бу ерда ўғлим Ҳофизжонни олиб кетишди. Ўт ўчирувчилармиз деб келишди. Уйларимиз чурук эди, у ҳарбийдан келиб энди тузата бошлаганди. Олиб кетишди," хўрсинади аёл.

Унинг айтишича, бошқа ўғиллари Душанбега ишлаш учун кетишган ва уларни у ерда ҳибсга олишган.

"Юсуфжонни Душанбеда олиб кетишган. Етти ой бўлди, ҳали суд бўлган эмас. "Ҳизбут таҳрир"га аъзо дейишибди. Бундан хабарим йўқ. Чунки Душанбега бориб-келишимиз қийин...У Душанбеда ишлаб юрганди. Икки куёвимни, кичик ўғлимни ҳам олиб кетишган. Қизларимни ҳам қамаб қўйишган деб эшитяпман. Биттаси Душанбега даволаниш учун кетганди, иккинчисининг учта боласи бор, яна ҳомиладор. Нима қилишимни билмайман. Менинг ҳолимни сўрайдиганлар борми-йўқми. Буни бир Худонинг ўзи билади," дейди аёл.

Хўжандлик 67 ёшли Шарифжон Дадабоевни олдинроқ "Ҳизбут таҳрир" ғояларини тарқатишда айблаб, уч йил озодликдан маҳрум этишди. Унинг бир ўғли ҳам шу айб билан қамалган. Шарифжон Дадабоевнинг аёли энди кенжа ўғли Алижонни ҳам тутиб кетишганидан нолийди:

"Жума намозидан чиққанда ушлаб кетишган," аёлнинг кейинги сўзлари йиғига аралашиб кетади.

Нега жазолашлар самара бермаётир?

Айни бир пайтда Суғд вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, "Ҳизбут таҳрир"нинг Шимолий Тожикистондаги раҳбарларидан бири сифатида кўрилаётган хўжандлик 56 ёшли Толиб Очилов қўлга олинган. У тушган машинани Айний туманидаги Давлат автомобил назорати нуқтасида текширишган ва Очиловни ҳибсга олишган.

Толиб Очиловнинг бундан саккиз йил олдин "Ҳизбут таҳрир"га мансубликда айбланиб озодликдан маҳрум этилгани, лекин бундан бир йил олдин озодликка чиққач яна бу ҳизб ғояларини тарқатишда давом этгани айтилмоқда. Жумладан, ҳуқук-тартибот мулозимларига кўра, у Хўжанд шаҳри ва Бобожон Ғафуров туманида "Ҳизбут таҳрир" варақаларини тарқатган.

Тожикистонда "Ҳизбут таҳрир" фаолияти 2001 йилда ноқонуний деб эълон этилган ва тақиқланган. Мазкур ҳизб аъзолари одатда миллий, ирқий, диний ва маҳаллийчилик асосида низолар уйғотиш, мавжуд қонуний тузумни ағдаришга чорлаш, жиноий гуруҳ тузиш ва унга аъзо бўлишда айбланадилар.

Кузатувчилар фикрича, кейинги пайтда ҳибсга олинган кишиларнинг кўпчилиги олдин ҳам "Ҳизбут таҳрир" ғояларини тарқатишда айбланиб жазога тортилган.

Лекин биринчи марта ҳибсга олинганлар ҳам оз эмас. 34 ёшли Ҳомид Бобожонов "Ҳизбут таҳрир" адабиётлари ва варақаларини тарқатишда гумон этилмоқда.

Кузатувчи Ислом Расулов унинг ишсиз эканлигини таъкидлар экан, айнан иқтисодий норозилик ҳам ёшларни ноқонуний ҳизб ва ҳаракатлар сафига қўшилишларига олиб бориши мумкин, дейди.

Исфаралик Мухторжон ҳам доимий иш топган эмас. У ҳозирда йўналишли таксида пул терувчилик қилади. Кунига топган пулига бешта нон олиши мумкин ва бу билан уч жонни боқади.

"Иш йўқ. Мардикор бозорига ўтинг, қанча одам ўтирганини кўрасиз. Мардикорга бир кун иш топилса, уч кун иш йўқ. Шунинг учун пули оз бўлса-да, "Газел"да ишлаб юрибман," дейди Мухторжон.

Кузатувчи Ислом Расуловга кўра эса, "Ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги бирон йирик стратегия ёки дастурнинг йўқлиги боис одамлар турли хил ноқонуний ҳаракатларга қўшилиб кетишлари мумкин. Иш ва яхши иш ҳақи билан таъминланган одамларнинг ўз мақсади йўлида турли хил кўчаларга бошлаб кетадиган турли гуруҳлар ғояларини эшитишга вақтлари ҳам бўлмайди. Устига собиқ Шўролар Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг ҳалигача мамлакатнинг янгича мафкураси йўқ. Бу ғоявий бўшлиқдан эса кўплар фойдаланишлари мумкин".

Кейинги ойда Шимолий Тожикистонда "Ҳизбут таҳрир" мансублари сифатида қўлга олинганлар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Чет элда диний таълим олиш ноқонуний ҳаракатларга бошлайдими?

Истаравшан шаҳрида эса, 37 ёшли Илҳом Ғаниев Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий ҳаракатига мансубликда гумон этилиб ҳибсга олинган. "Абдулло" лақаби билан иш кўрган бу кишининг Саудия Арабистонидаги мадрасалардан бирида таълим олгани ҳуқуқ-тартибот мақомотлари томонидан алоҳида таъкидланмоқда.

Тожикистон президентининг чиқишларидан сўнг ҳозир четда диний таълим олаётган тожикистонлик ёшларни мамлакатга қайтариш давом этмоқда. Ҳозиргача Покистон, Миср ва Эрон каби давлатлардан 400 нафарга яқин талаба Тожикистонга қайтариб олиб келинди.

Кузатувчиларга кўра, чет элда диний таълим олаётган тожикистонлик ёшларни ортга қайтариш, ноқонуний ҳизб ва гуруҳларга мансубликда гумон этилаётган кишиларни қидириш ва ҳибсга олишлар кучайгани Тожикистонда кейинги уч ойда юз берган портлаш ва отишмаларга боғлиқ.

Жумладан, кузатувчилар Душанбе қамоқхонасидан оммавий қочиш, Хўжанддаги худкушлик ҳужуми натижасида юз берган портлаш ва Раштдаги воқеаларни мисолга келтиришади.

Оддий одамлар эса, қидирув ва қўлга олишлар пайтида гуноҳсиз одамларнинг жабрланиб қолишларидан хавотирланишади.