Россия чегарачилари яна Тожикистонга қайтишга ҳозир эканликларини айтишмоқда

Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими рус чегарачилари тожик-афғон чегараларини қӯриқлашга тайёр эканлигини билдирган.

Расмий Москва вакили Афғонистон ҳудудида вазият оғирлашаётгани ва тожик-афғон чегараларидаги хавфсизлик Россия учун ҳам муҳим эканлигини урғулаган.

Бундан бир неча кун аввал Тожикистон президенти Имомали Раҳмон НАТО кучлари Афғонистондан чиқарилиши олдидан тожик-афғон чегараларини мустаҳкамлаш учун моддий кӯмак зарурлиги ҳақида баёнот қилганди.

Тожик сиёсатчилари эса, Россия минтақада яна ўз таъсирини ошириш ниятида эканлигини урғулашади.

Россия Ташқи ишлар вазири Максим Пешковга кӯра, рус чегарачиларининг Тожикистонга қайтиши масаласининг кӯтарилиши Тожикистон ҳукуматига боғлиқ.

Душанбеда ӯтган “Тожикистон-Россия-2010” халқаро анжумани доирасида журналистларнинг бу борадаги саволларига жавоб бераркан, жаноб Пешков ,” Агар керак бӯлса, биз, табиийки, бу масалани кӯриб чиқамиз”, деб айтган.

“Чунки Афғонистонда вазият яхшиланмаяпти. Чегараларни, табиийки, қандай бӯлмасин мустаҳкамлаш, хавфсизлик даражасини кӯтариш лозим. Россия Тожикистонга керак, Тожикистонга эса Россия. Бу фақат иқтисодий ҳамкорликда эмас, энг аввало, Афғонистондаги толиблар омилида хавфсизлик масаласи муҳимдир”, деган Максим Пешков.

Россия чегарачилари 2005 йилга қадар Тожикистоннинг Афғонистон ва Хитой билан чегараларини қӯриқлаб келишган.

Шундан буён Россия оммавий-ахборот воситаларида рус сиёсатчиларининг тожик-афғон чегараларини тожик чегарачилари қӯриқлай олмаётгани, шу сабаб, Афғонистондан гиёҳванд моддалар ӯтиши кӯпайганлиги ҳақидаги чиқишлари кузатилади. Уларда рус чегарачиларининг Тожикистонга қайтиши керак, деган ишорани илғаш қийин эмас.

Айни вақтда Тожикистонда маҳаллий аҳоли ҳам, сиёсатдонлар ҳам рус чегарачиларининг ўз мамлакатларига қайтишини исташмайди.

Расмийлар Россия чегарачиларини ортга қайтариш истагидаги ишоралар Кремлнинг Марказий Осиёда ўз мавқеини мустаҳкамлашга каратилганини урғулашади.

Мустақил сиёсатшунос Нурали Давлат Тожикистон Россия қӯшинларининг қайтадан киритилишига йӯл кӯймаслигини таъкидлайди.

“Агар қаттиқ босим кӯрсатилмаса, Тожикистон рози бӯлмайди, ҳеч вақт рози бӯлмайди. Чунки давлатдорликнинг асосий белгиларидан бири уни ӯз одамлари қӯриқлаши керак. Лекин жуда қаттиқ босим кӯрсатилса, Тожикистон ҳукумати рози бӯлиши ҳам мумкин. Афғонистонда вазият жуда ёмонлашган. Россия эса Афгонистонга яна яқинлашишни истайди” , дейди Нурали Давлат.

Айрим кузатувчилар Россия Роғун қурилишига катта ёрдам кӯрсатадиган бӯлса, тожик-афғон чегараларига қайтиш имкони пайдо бӯлишини айтишади. Душанбе яқинидаги “Айний” ҳарбий аэродромидан Россия умидвор эканлиги ҳам урғуланади.

Сентябр-октябр ойларида Рашт водийсидаги жангларда эса, Афғонистондан ӯтган кучлар етакчилик қилганлиги расман айтилганди.

Ана шу манзарада Тожикистон афғон чегаралари билан боглиқ хавфсизликни таъминлаяптими, деган савол ҳам ӯртага ташланади.

Тожикистон Афғонистон билан қарийб бир ярим минг километр узунликдаги чегарага эга. Чегаранинг асосий қисмини қӯриқлаш қийин бӯлган тоғли ҳудудлар ташкил қилади.

Шундоққина Тожикистон чегараси ортидаги Афғонистоннинг бутунбошли вилоятларида толиблар ӯрнашганлиги таъкидланади.